Янги қонун билан 150 нафар депутат ёнига яна 150 нафар ёрдамчи қўшилди.
Депутатлар томонидан амалга оширилаётган ишлар кўзга кўринмаётган бир пайтда, “депутат ёрдамчиси” лавозимининг жорий этилиши қанчалик тўғри?
Президент 14 октябр куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги [ЎРҚ-722-сон] қонунга имзо чекди. Ушбу қонунда депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақлилиги кўрсатиб ўтилган.
Қонунчилик палатаси депутати Зафаржон Худойбердиевнинг айтишича, бу таклифнинг билдирилишига Қонунчилик палатасининг депутатлари сайлов округида ўз вакилига эгалиги, бироқ улар партиянинг тегишли ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида тайинланиб, фаолият юритиши сабабли улар асосан сиёсий партия ишлари билан банд бўлиб қолаётгани ва бунинг натижасида депутатлар фаолиятига кўмаклашиш имконияти чекланаётгани сабаб бўлган.
Ёрдамчининг вазифаси сайловчиларни Қонунчилик палатасидаги депутати фаолиятидан, ўз навбатида депутатни сайлов округида юз бераётган воқеалар, фуқаролар мурожаати, маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларидан хабардор қилиб туради. Шунингдек, округ сайловчиларини Қонунчилик палатаси депутатининг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш, сайлов округида депутатга жисмоний ва юридик шахслардан қилинган мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганиш, депутатни сайлов округи ҳудудида юз бераётган воқеалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор қилиш, депутатнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш киради.
Савол: У ҳолда депутат нима иш қилади?
Ўзбекистоннинг конституциявий қонунчилиги ва бошқа қонун ҳужжатларига кўра депутатларнинг аҳоли олдидаги биринчи даражадаги вазифалари қуйидагилардан иборат:
1. “Қонунчилик ташаббускорлиги” ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда қонун ижодкорлиги бўйича фаолиятини кучайтириш;
2. Парламент назорати талабларидан оғишмаган ҳолда ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириш;
3. Ўз сайловчилари билан тизимли равишда ишлаш, уларнинг кундалик ҳаётидаги муаммоларининг ечимини топиш, уларнинг олдида ҳисобот бериш;
4. Фракция ва қўмита аъзолари сифатида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид бўлган масалалар муҳокамасидаги иштирокини кучайтириш.
Мазмунан олиб қаралганда, бу вазифаларнинг барчаси энди ёрдамчиларга юклатилди. Депутатлар зиммасида эса фақат ёрдамчиларни бошқариш вазифаси қолмоқда.
Ажабланарлиси, депутат ёрдамчиларининг ҳам асосий вазифалари сайлов билан боғлиқ. Сайловлар эса ҳар 5 йилда ўтказилишини ҳисобга олсак, сайлов ўтказилмайдиган йилларда уларнинг нима вазифани бажариши ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, депутат ёрдамчилари 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, депутат билан қариндошлик алоқалари ҳамда судланганлик ҳолати бўлмаслиги керак.