БУЗИЛГАН ЭЛНИ БОТИР ТУЗАР
(Халқ мақоли)
Тупроғимни ёв олган йўқ,
Юртимга қирон солган йўқ.
Ўзим-ўзим» дейди ўзбек,
Элни бузган худди шу ўқ.
Ўҳ, ботирим қайдасан?
Шафақ бағри алвон-алвон,
Тўралардан ватан вайрон.
Ғажирдай ғажир бир-бирин,
Тумшуғи қон, тирноғи қон.
Ўҳ, ботирим қайдасан?
Ўзбекнинг ўти бор, дерлар
Ва лекин «чўп»и бор дерлар.
Ёҳу, бундай эл кўрмадим,
Бир-бирин ковлашиб, ерлар.
Ўҳ, ботирим қайдасан?
………………….
Ўзбек, қачон эл бўласан,
Тўлиб тошган сел бўласан?
Шу кетишда кетсанг агар,
Бир кун қора ер бўласан!
Ўҳ, ботирим қайдасан?
Азим СУЮН