Rost24.uzда эълон қилинган "Инновация бўйича 100 га яқин ҳужжат қабул қилинди, ўндан ортиқ ташкилот очилди. Aммо натижадан дарак йўқ" номли мақолага Инновацион ривожланиш вазирлиги ўзининг расмий сайтида муносабат билдирди.
Берилган муносабатда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан сўнгги 5 йилликда қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, бу ҳақда вазирлик веб-сайтида (mininnovation.uz), ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мунтазам ахборот бериб турилади, бундан ташқари вазирлик сайтида вазирликнинг ҳисоботлари тақдим этилиши айтилган.
Қуйида вазирлик томонидан берилган муносабатни келтирамиз:
Биринчидан, илм-фан ва инновацион фаолиятни тартибга солувчи 2 та Қонун қабул қилинди, натижада соҳада рақобат, манфаатдорлик ва жавобгарлик муҳити шаклланди;
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси 2020 йилда Глобал инновацион индекс рейтингида 29 поғона юқорилаб, 122 ўриндан 93 ўринга кўтарилди;
Учинчидан, илмий ҳажмдор кичик серияли инновацион маҳсулот ишлаб чиқишга қаратилган стартап экотизимига асос солинди, 100 дан ортиқ янги инновацион ишлаб чиқариш тузилмалари ташкил этилди;
Тўртинчидан, янги илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун шарт-шароитлар яратилиб, “Олим-тадбиркор-инвестор” платформаси доирасида 227 та илмий ишланмалар тижоратлаштирилиб, умумий қиймати 123 млрд. сўмлик инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилди;
Бешинчидан, “COVID-19” инфекциясига қарши 6 турдаги янги маҳаллий вакциналар яратилди ва клиник олди синовларига етказилди, иккита маҳаллий вакцина ЖСС ташкилоти томонидан номзод вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилди. Тижоратлаштирилган “Рутан” препарати “COVID-19”ни даволаш протоколига киритилди, SARS-CoV-2 инфекциясини аниқловчи тест-диагностикумлар яратилиб ойига 500 минг дона тўплам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;
Шунингдек, Хитойлик ҳамкорлар билан ҳаммуаллифликда SARS-CoV-2 инфекциясига қарши янги вакцина – “ZF-UZ-VAC2001” яратилди, тижоратлаштириш натижасида 8,5 млн дозада вакциналар ишлаб чиқарилиб, аҳолига эмланиш учун етказиб берилди;
Ўзбекистонда тарқалган коронавируснинг 250 дан ортиқ намуналари геномлари тўлиқ ДНК кетма-кетлиги аниқланиб, биринчи 112 та намунаси маълумотлари дунё GISAID маълумотлар базасига жойлаш натижасида Ўзбекистон ўз худудида тарқалган коронавирус вариантлари геномини тўлиқ ўқиган 50 та давлатлар қаторига киритилди.
Олтинчидан, ғўзанинг янги вилтга чидамли зирхланган ген-нокаут линиялари яратилди ва узун толали ғўзанинг 3 та янги ўта хавфли фузариоз вилт касаллигига чидамли “PSSJ-FRP01”, “PSSJ-FRP02”, ва “PSSJ-FRP03” линиялари яратилиб, АҚШлик ҳамкорлар билан биргаликда рўйхатдан ўтказилиб дунё ғўза селекционерларига тақдим қилинди;
Еттинчидан, Амир Темур давридан етиштириб келинаётган энг қадимий “Оқ дум” ва оммалашган “Қизил дум” узум навлари замонавий in-vitro усулида қайта тикланди, уларнинг оналик кўчатзорлари ташкил қилинди ҳамда маҳаллий узумнинг 150 та нави учун ДНКга асосланган генетик паспортлари яратилди.
Саккизинчидан, мис таркибли рудалардан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш учун маҳаллий хомашёдан импорт аналогига нисбатан 2 баравар арзон янги маҳаллий кимёвий реагент – флотореагент ихтиро қилинди ва кончилик саноатига жорий этиш мақсадида йиллик қуввати 500 тоннадан иборат кичик инновацион ишлаб чиқариш ташкил этилди.