Чўллашаётган Тошкентни янги қарор «яшил шаҳар»га айлантира оладими?

14.09.2021 07:20

Аслида бор дарахтларни кесмасликка муайян бир қароримиз йўқ, биз эса янгилари билан «яшил шаҳар» бунёд қилмоқчимиз...

Ҳукумат қарори билан 2023 йилга қадар шаҳар умумий майдонининг кўкаламзорлаштириш даражаси 30 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкент шаҳрида қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган ишларнинг кескин ошиши натижасида экологик юкламани кўпайтириш зарурати келиб чиқмоқда. Бундан ташқари, шаҳар аҳолисининг маданий ҳордиқ олиши учун яшил зоналарга бўлган эҳтиёжини қондириш тақозо этиляпти. Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсадлардан бири, бу – Тошкентни «яшил шаҳар»га айлантиришдир.

Демак, ана шу муддатгача бўлган 1 йилу 4 ой вақт давомида жуда катта ҳажмда иш бажарилиши лозим.

Қарорга биноан, 2021-2023 йилларда Тошкент шаҳридан ўтадиган каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш бўйича манзилли дастур тузилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг камида 60 гектар ер майдонида аттракционлардан ҳоли бўлган жамоат истироҳат боғи ташкил этилади. Бундан ташқари, ҳар бир туманда кичик яшил истироҳат боғлари барпо этилади. Жамоат истироҳат боғлари 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритади.

Уч ой муддатда халқаро мутахассислар, дизайнерлар ва архитекторларни жалб этган ҳолда боғларни барпо этиш концепцияси ишлаб чиқилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза: узоқ йиллар давомида фалон туп кўчат экилди, фалон туп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди, деган ҳисоботларга ҳамма кўникиб қолган эдик. Аниқроғи биров уларга эътибор ҳам бермайдиган бўлиб қолган эди. Айниқса, бундай ҳисоботлар умумхалқ ҳашарлари чоғида «баралла» янграр эди... 

Ваҳоланки, ўша ҳисоботларда кўрсатилган кўчатларнинг ўндан бири сақланиб қолинганда ҳам, Тошкент яшил шаҳарлардан бири бўлар эди.

Яшиллаштириш сиёсати бу яхши ва оқилона ечим. Лекин аслида борини ҳам сақлаб қолишга, муҳофаза қилишга эришишимиз керак эмасми? Бор дарахтларни сақлаб қолишга кучи етадиган қарор ёки ҳужжатларимиз йўқ. Шундай экан янги экилажак кўчатлар ҳам «баъзи-бир боғларимиз»даги дарахтлар каби, йўқ бўлиб кетмаслигига, кимдир кафолат бера оладими?

Ирода Фарходова,

мухбир

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар