Гапирсам гап кўп. Мен хоҳлардимки, ҳоким бувалармиз ҳам фақат девонда ўтирмасдан тупроқ тошли йўллардан юриб, бизнинг қишлоғимизга бир келсалар, одамларнинг шароити билан танишса қийнаётган муоммоларига ечим топишда ёрдам берса…
Сайтимизда "Қашқадарёдаги қишлоқда аёллар туғруқхонага "Тез ёрдам" ўрнига эшакда ташиб келинмоқда" видео материали эълон қилинган эди. Кўпгина муносабат ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур қишлоқ аҳли томондан дилни ўртайдиган муносабатлардан яна бирини таҳрирсиз эълон қиламиз.
"Бу қишлоқнинг борлигини ҳаттоки Қашқадарё вилояти ҳокими ҳам билмаса керак. Туман ҳокими ҳақида гапирмаса ҳам бўлади унинг борлигидан йўқлиги яхши, фойдаси тегмаган ҳокимдан кимга наф.
Бу қишлоқ ҳақида гапирсам бу қишлоққа борадиган йўлнинг ўзи йўқ.
Агар ўша йўлни йўл десак бу йўлдан «эшак» юради холос, айрим юк машиналар юради. “Нева” машинаси юриши мумкин, агар ёғингарчилик бўлмаса, енгил мошиналар юролмайди.
Шу йўлни ҳам одамлар қўл кучи билан ҳар йили ремонт қилади, пул йиғиштириб қум тўкади, ёғингарчилик мавсуму келади яна шу аҳвол сел келади ҳамма жойни бузиб қумларни оқизиб кетади.
Одамлар йўл тузатавериб, безиб кетган иложи йўқ, яшаш керак.
Рўзғорга озиқ овқатми нимадир керак бўлиб қолса асфальт йўлга чиқиш учун 12 км. эшак билан боради, эшакни ўша қишлоққа кимнингдир ҳовлисига илтимос қилиб боғлаб машинада кетади.
Бу қишлоқда яшаётган одамларни яшаш шароитидан 15-асрда яшаган одамларнинг шароити яхши бўлган, деб ўйлайман.
Бу қишлоқда битта мактаб бор холос, бошқа ҳеч нарса йўқ. У ҳам бўлса талабга жавоб бермайди, иситиш мосламалари йўқ қўлбола печлардан фойдаланади.
Мактабга борадиган йўлларни ёзув орқали тарифлаб беролмайман, турпоқ йўллар ёзда чанг тўзон, ёғингарчилик мавсуму лой ботқоқ. Ишонмайдиганлар бўлса ёғингарчилик мавсуму бориб кўрсин ўқувчи ўқитувчилар эшакка миниб зўрға етиб келади.
Бу қишлоқда асосий транспирт воситаси «эшак».
“Тез ёрдам” машинаси керак ,дейди “Дамас” юрадиган йўлнинг ўзи йўғу…
Гапирсам гап кўп, мен хоҳлардимки, ҳоким бувалармиз ҳам фақат девонда ўтирмасдан тупроқ тошли йўллардан юриб, бизнинг қишлоғимизга бир келсалар, одамларнинг шароити билан танишса қийнаётган муоммоларига ечим топишда ёрдам берса…
Қишлоғимиз номидан мутасади ташкилотлардан илтимос қилиб қолардим: бизга кўп нарса керак эмас, озгина бўлса-да йўлимизни текислаб, кичкина бўлса ҳам врачлик пункити, мактабимизга озгина бўлса-да шароит қилиб берсаларингиз болаларимиз келажакда саводсиз бўлиб қолмасди.
Озгина бўлсада Худодан қўрқайлик!
Прездентимиз айтганларидек, фақат қарсакбозлик билан ўтиб кетмайлик!"