Журналистлар билан ишлашдаги хатоликлари учун вазирлик матбуот котибини Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов шахсан огоҳлантирган.
Ижтимоий тармоқларда фуқаро ва ИИВ ходими ўртасида низо келиб чиққан ҳолатлар бўйича бир қанча видеотасвирлар тарқалди. Уларга нисбатан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов тезлик билан айбдор фуқаронинг ўзи, деган баёнотлар билан чиқиш қилди.
Табиий савол туғилади: Нима учун ИИВ матбуот хизмати доим ўз ходимларини оқлайди ва оқибатда доим, аксинча, бўлиб чиқади. Бу шаффофликка таъсир қилмайдими?
Айни савол билан rost24.uz ахборот сайти мухбири Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтаётган матбуот анжуманида ИИВ масъулларига мурожаат қилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг далолат қилишича, вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсовга журналистлар билан ишлашдаги хатоликлари сабабли интизомий чора кўрилган. Унинг айтишича, вазирнинг ўзи Ғиёсовни шахсан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, Шохруҳ Ғиёсов ички ишлар ходимлари қўли остида ҳалок бўлган фуқароларни “худо урган”, деб норасмий баёнот бергани ҳақидаги "ИИВ: ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилган фуқаролар тайини йўқ, “ғирт худо урган” одамлар эди" мақоласи сайтимиз орқали эълон қилинган эди.