Сурхондарё ва Қорақалпоғистонда икки фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида ўлим топганига оид хабарлар тарқалиши ортидан Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Rost24.uz ахборот сайтида эълон қилинган «норасмий баёноти» бироз шов-шувга сабаб бўлганининг сирлиги қолмади.
ИИВ полковниги ўз «баёнотида» Қорақалпоғистондаги воқеа бўйича аввал текширув ўтказилиб, ҳеч кимнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломати топилмаганини билдирган, Сурхондарёдаги ҳолат эса прокуратура органлари томонидан ўрганилаётганини таъкид этиб, марҳумни «Худо урган» сифатида таърифлаган эди.
Сурхондаёдаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, профилактика инспекторининг икки нафар ёрдамчиси қамоққа олингани хабари берилганди.
Бугун Қорақалпоғистондаги воқеа бўйича қўшимча маълумотлар пайдо бўлди.
«Тахиатош туманида яшовчи фуқаро Б.Даулетмуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, калтаклангани ва унинг натижасида вафот этганлиги» бўйича тарқалган хабарлар бўйича маҳаллий прокуратура органининг маълум қилишича, 23.05.2021 йили Тахиатош туманида яшовчи фуқаро Б.Даулетмуратовнинг кўчада маст ҳолатда ётганлиги юзасидан хабар берган шахсларнинг чақирувга биноан воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимлари уни туман ИИБ олиб кетади. Бу ерда унинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли, Тахиатош туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Тахиатош туман тиббиёт бирлашмасида эса Б.Даулетмуратовга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилиб, шу куни қариндошлари орқали уйига рухсат бериб юборилган.
Б.Даулетмуратов уйида аҳволи ёмонлашганлиги сабабли 29.05.2021 йилда яна Тахиатош туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган ва даволаш муолажаларидан кейин 05.07.2021 йилда уйида вафот этган.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Б.Даулетмуратовнинг ўлими ўпка пневмонияси натижасида келиб чиққанлиги, лекин унинг баданида ўлимидан олдин етказилган тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳалат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда унинг танасидаги жароҳати қачон ва ким томонидан етказилганлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ахборотида.
Мазкур ахборот ИИВ матбуот котиби таъкид этганидек, содир бўлган воқеликда жиноят аломатлари йўқ эмас, аксинча, борлигини кўрсатмоқда. Бу эса «норасмий баёнот» тасдиғини топмаганини билдиради.
Дарвоқе, давлатнинг энг муҳим органи матбуот котибининг ижтимоий тармоқ орқали ўзи сиздирган гапларини «норасмий баёнот» деб бўладими ўзи?!
Манба: xabar.uz