Rost24.uz да чиққан танқиддан сўнг ноқонуний фойдаланилган 3,5 гектар ер майдони давлат захирасига қайтариладиган бўлди

05.08.2021 14:28

Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси танқидий мақолага муносабат билдирди.

Rost24.uz ахборот сайтида “Тадбиркорлар” табиатнинг табиий ўзанларига ҳам таҳдид қилмоқда" номли танқидий мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада кўтарилган муаммони Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси зудлик билан ўрганиб чиқиб расмий муносабат билдирди:

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида катта майдонда ноқонуний чиқиндихона барпо этилганлиги ҳамда турли хилдаги маиший ва қурилиш чиқиндилари тўпланиб ёқиб юборилганлиги таъкидланган.

Ҳолат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Зангиота тумани Экология инспекцияси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда “Улуғбек” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро А.О. га тегишли бўлган ер майдонига ноқонуний равишда қурилиш ва маиший чиқиндиларни жойлаштириб ёқиб юборилганлиги, ёнғин натижасида ҳудуддаги дарахтларга зарар етказилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, Зангиота туман инспекцияси инспекторлари томонидан шу ҳудудга чиқинди жойлаштирган фуқароларга нисбатан такрорий маъмурий чора кўрилишига қарамасдан чиқинди ташлаш ҳолатлари такрорланиб ёнғин юзага келиб қисман ёнғинни ўчириш ва кўмиш ишлари амалга оширилган.

Фуқаро А.О. Зангиота туман инспекцияси ходимлари томонидан берилган кўрсатмаларга риоя этмасдан, бўйсунмасдан ҳудуддан мақсадсиз фойдаланиб чиқинди ташлаш ҳолатларини такрорланаётганлигини инобатга олиб ушбу 3,5 гектар ер майдонини қонунда белгиланган тартибда давлат захирасига қайтариш, ва қонуний чора кўриш мақсадида ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилди.

Бундан ташқари постда кўрсатилгани каби Бўзсув каналига чиқиндилар оқизилиши ҳолати қайд этилмади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар