Давлатнинг гигант медиакомпанияси раҳбари Алишер Ходжаев журналистлардан қўрқадими?

03.08.2021 22:42

У нега Президент талабини бажармаяпти?

Ўтган 4 йил ичида Алишер Ходжаев медиа соҳасидаги юқори лавозимдан кетиб яна ўз жойига қайтиб келган ягона амалдор ҳисобланади.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясини бошқараётган бу амалдорнинг шу кунгача журналистларга берган бирор бир интервьюсини кўрмаганмиз. Минглаб телерадиожурналистларга раҳбар бўлган раиснинг ўзи журналистлардан узоқ юриши бироз таажжубланарли.

Давлатнинг гигант медиа компанияси раҳбари ҳатто Президент томонидан кўтарилаётган ташаббусларга, республика ҳаётидаги энг катта ижтимоий сиёсий воқеаликларга ҳам муносабат билдирмайди. Газета ва журналларда ҳам бирор бир мақола ёки интервью берганини ҳозирча кўрганимиз йўқ. 

Ҳатто барча медиа раҳбарлари-ю, лавозимда турган амалдорлар кетма-кет ўзбек ОАВсида муносабат билдирадиган Президентнинг Мурожаатномаларини ҳам бу амалдор жимгина кузатади.

Алишер Ходжаев физика математика фанлари номзоди. У ТВ га раҳбар бўлиб келишидан аввал медиа йўналишида ишламаган. Балки, унинг медиашахс бўла олмаётгани ва журналистлар учун очиқ эмаслигини шу билан изоҳлаш мумкиндир. Бироқ бугунги очиқ жамият ташаббусларига камарбаста бўлишни истаган ҳар бир раҳбар қарашларини жамоатчиликка билдириб туриши ўринли бўлади.

Алишер Ходжаевнинг ҳақиқий касби, физика математика йўналиши бўлиб, у хавфсизлик кенгаши раҳбариятида ҳам фаолият юритган. 2002 — 2005 йил орасида Алоқа ва ахборотлаштириш вазирлигида раҳбар лавозимида ишлаган.

2020 йилдан буён Алишер Ходжаев Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси лавозимида фаолият юритиб келади. Бундан аввал у 2005 — 2017 йиллар орасида ҳам Ўзбекистон телерадиокомпаниясида (ҳозирги МТРК) раис бўлиб ишлаган. Раислик лавозимидаги узилиш  2017 — 2020 йилларга тўғри келди. Бу вақт оралиғида у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита раиси ўринбосарлиги лавозимида фаолият юритди.
 

Алишер Ходжаев телевидениеда раислик лавозимидан озод этилиб, қайта яна ўз жойига ишга тикланган ягона амалдордир. Айрим манбалар унинг 2020 йилда қайта Миллий телерадиокомпанияга раис этиб тайинланишини ҳам Бош вазирнинг номи билан боғлайди.

Нима учундир йирик медиа раиси бўлишига қарамасдан журналистларга интервью беришдан доим узоқда туриши тушунарсиз ҳолат. Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган сиёсий даврда Ходжаевдан ташқари барча раҳбарлар, айниқса, медиага таалуқли амалдорлар ўз қарашларини ОАВ орқали мунтазам жамоатчиликка билдириб келмоқда.

Rost24.uz ахборот сайти мухбири интервью олиш мақсадида телерадиокомпания раисига мурожаат қилди. Медиа амалдори яқин кунларда иш жадвали тиғизлигини айтиб, рад этди. Биз Ходжаевнинг ёрдамчисидан унинг бошқа ОАВларга берган интервьюсидан манба сифатида фойдаланишга муҳтожлигимизни билдирганимизда, у “шу вақтгача раис кимга интервью берган экан”, дея таажжубланди.

Ходжаев журналистларга интервью беришдан узоқда юрса-да, фейсбук ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини юритади. Аммо, саҳифасида кўпинча умумий ҳарактерли маълумотларни бўлишади ва воқеаларга нисбатан шахсий фикрларини беришдан қочади.

Президент барча расмийлардан очиқ ва шаффоф ишлашни, халқ олдида ҳисобдор бўлишни талаб қилаётган бир вақтда Алишер Ходжаевнинг ўзини журналистлардан олиб қочишини қандай изоҳлаш мумкин?

P/S: Телерадиокомпаниянинг бугунги ҳолати, давлат бюджетидан олинган миллиардлар, 10 дан ошиқ давлат телеканалларининг жамиятга нима бераётгани ҳақидаги маълумотлар сайтимизнинг навбатдаги мавзуси...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
27
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
08.01.2023 20:01
Яхши мавзу кузатишда давом этамиз.
07.01.2023 19:28
Xa yaxshi mavzu, rahmat!
03.01.2022 19:16
Молодец, ажойиб усулни қўллабсиз.
06.08.2021 20:32
Сайт ёпилиб кетмаса булди?
04.08.2021 06:10
Yahshi mavzu tanlapsila