Маҳалла раисини ҳақоратлаб калтаклаган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарига ҳеч қандай чора кўрилмади

24.07.2021 13:24

Оддий фуқаро кимнидир урса жавобгарликка тортилади, ҳоким ўринбосари урса иш «ёпилади»ми?

Тошкент вилоятидаги «Уста Нормат» МФЙ раиси Алишер Икромовга Тошкент шаҳар ўринбосари Б.Раҳмонов тарсаки туширгани ҳақидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида катта баҳс мунозараларга сабаб бўлганди. 

Rost24.uz ахборот сайти мухбири Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга қандай чора кўрилгани, қонун олдида жавоб берганми ёки йўқми, воқеалар қандай якун топгани билан қизиқди.

Одатда бундай ишлар икки тарафнинг келишуви остида бости-бости қилиб юборилади.

Жорий йилнинг 9 май куни Тошкент шаҳридаги «Уста Нормат» МФЙ раиси Алишер Икромов Тошкент шаҳар ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов томонидан чақиртирилади ва ўзининг хизмат вазифасига умуман алоқадор бўлмаган, мутлақо бошқа бир масаланинг бажарилмагани юзасидан ҳақоратлайди, ҳаттоки, калтаклайди ҳам.

Ушбу масала Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан назоратига олинган эди. Вазирлик баёнотига кўра, маҳалла раисларини вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш талабларини бузгани учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ўрнатилган тартибда таклиф киритиб бориш ҳуқуқига эгалиги эслатилган.

Бироқ, шу йилнинг 11 июнь куни А.Икромов Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Исмат Ибрагимовнинг таклифига асосан Бош прокуратура ходимлари гувоҳлигида Б.Раҳмонов узр сўраган ва томонлар оғзаки яраштирилади. Иш юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган, иш тинчлик йўли билан ҳал бўлганига қарамай, шу кунинг ўзида, яъни 11 июнь куни кеч соат 22:10 да Б.Раҳмоновнинг акаси С.Раҳмонов ўзининг шериклари билан Тинчлик кўчасида А.Икромовни кўриб қолади ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, 9 майдаги ишга аслида Икромовнинг ўзи айбдорлигини айтишган. (Воқеалар ҳақидаги аудио ёзув rost24.uz таҳририятида сақланмоқда.)

Ҳақоратланган ва калтак еган раис Тошкент шаҳар ҳоким ўринбосарининг акаси С.Раҳмонов устидан Оққўрғон тумани прокурори Д.Файзиев номига 12 июнь санасида ариза ёзади. Орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да ҳозирча ҳеч қандай жавоб хати келгани йўқ. Аризада оғзаки ярашув келишувини бекор қилиш ҳам сўралган эди.

Жамиятда қонунларга мурожаат қилинганда қонун барчага баробар бўлмоғи лозим. Оддий фуқароми, амалдорми қонун олдида бирдек жавоб бериш керак. 

Оддий фуқаро ҳақорат учун қамалиб кетаётган замонда фуқаросини калтаклаган ҳоким ўринбосари ҳам жазоланса адолатдан бўлар эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.07.2021 16:52
Прокуратура қўрқади амалдорлардан.
25.07.2021 05:30
Инсон қадрини маҳаллик органнинг маъсул шахси томонидан поймол қилиш бу. Бош прокуратура қараб турмасдан жазо кўриши лозим эди. Мана хокимият ва прокурара ходимларининг ўз вазифаларини қайдан билиши. Нафақат нодон шунингдек ўқимаган улар....
24.07.2021 22:26
Адолат учун курашиш лозим.