Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Умурзоқов айни дамда 10 дан зиёд лавозимни эгаллаб келмоқда.
Ҳукуматдаги муҳим бир нечта “кресло”ларни бир вақтнинг ўзида банд қилиб турган 44 ёшли С.Умурзоқов Ўзбекистонда давлат бошқарувчилари орасида энг кўп лавозимни эгаллаган ёш амалдор бўлиб рекорд натижани қайд этиб турибди.
Сардор Умурзоқов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ўктам Умурзоқовнинг фарзанди. Ижтимоий тармоқларда бу сулола вакиллари амалдорлик пиллапояларидан мустаҳкам жой олгани ҳақида маълумотлар учрайди.
Сардор Умурзоқовнинг тасарруфида ҳам барча қатори суткасига 24 соат вақт бор. Бу амалдор ҳар бир иш жойига икки кунлик ташриф вақтини ажратса, унга шунча ишхонани айланиб чиқиши учун 1 ой вақт кетади.
Мансабдорларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта лавозимни бажариши манфаатлар мувозанатига таъсир ўтказмайдими?
Шунча лавозимни бир шахс бошқариши тизимлар фаолиятининг ривожланишига тўсиқ бўлмаяптими?
Умуман нима учун Ўзбекистонда битта амалдор бир нечта лавозимда ўтиради? Ушбу саволлар доирасида сайтимизда таҳлилий мақола эълон қилинади.
Бугунги кунда Сардор Умурзоқов эгаллаб турган лавозимлар рўйхати:
1. Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари
2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири
3. Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш раиси
4. Жаҳон Савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш бўйича идоралараро комиссия раиси
5. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси
6. Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгаши – Банк олий бошқарув органи Раиси, Ўзбекистон томонидан Бошқарувчи
7. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси
8. Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси раиси
9. "O'zagroeksportbank" ATB кенгаши раиси
10. "O'zbekinvest" NKEIS директорлар кенгаши раиси
11. "O'zbekinvest" халқаро суғурта компанияси директорлар кенгаши раиси
Эслатма: Матбуот хизматининг маълум қилишича, Сардор Умурзоқов фақатгина асосий иш жойи — Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан маош олади.
Сайтимизда бундан олдин “Олтита лавозим эгаси Азиз Абдухакимов бошқарувидаги 6 тармоқнинг қайси бири ривожланди?” мақоласи эълон қилинган эди.