Марказий Осиёда ягона, ноёб флорага эга Ботаника боғи таҳликали ҳолатга келтирилмоқда

28.06.2021 18:59

ЁХУД ХАРОБАГА АЙЛАНТИРИШ НАВБАТИ БОТАНИКА БОҒИГА ЕТИБ КЕЛДИ

Бу боғда шовқинни хушламайдиган, одамларнинг кўп яқинлашишига бардош беролмайдиган ўта ноёб ўсимлик турлари ҳам бор.

Фестивалларга ўтадиган сайилгоҳ эмас, илмий-тадқиқотлар олиб борадиган, Ўзбекистонда ўсимликларни интродукция ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи ягона маскан – "Ботаника боғи" эди. 

Бундай маскан Марказий Осиёда ягона. Аммо бугун бу маскан таҳликали ҳолатга келмоқда. Тошкент шаҳарида бир қанча очиқ кўнгилочар парклар бўлишига қарамай, нима учун ноёб ўсимликлар дунёсига эга бўлган Ботаника боғи фестиваллар ўтказиладиган майдонга айланиб бормоқда?

Бундан 3 йил аввал журналист Анора Содиқова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ботаника институти ҳузуридаги Академик Ф.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғининг раҳбари Содиқжон Абдуназаров билан суҳбат қилган эди. Суҳбат давомида раҳбар Ботаника боғида фестиваль ва тадбирлар ортидан чиқиндилар қолаётгани, айрим ноёб ўсимликларга зарар етаётгани, одамлар кўпайиши билан ўсимликларга шикаст етишини назорат қилиш қийинлашишини айтиб ўтган эди.

Орадан 3 йил ўтди, 2020 йилда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланиши билан вазият ўзгарди, фестиваль ва тадбирларни очиқ осмон остида ўтказиш асосий эҳтиёжга айланиб улгурди. Аммо бу вақт оралиғида ботаника боғидаги ўсимликлар фестиваль ёки бошқа тадбирларга мослашувчан бўлиб, ўзгариб қолмаган бўлиши аниқ.

Хусусан, 29-30 июнь кунлари Тошкент Ботаника боғида «Учинчи ренессанс бунёдкорлиги» шиори остида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Биз бу борада Ботаника боғининг раҳбари Содиқжон Абдуназаровни сўроққа тутдик. Масъулдан мазкур тадбирлар ноёб ўсимликлар дунёси сақланиб, ривожлантирилиб келинаётган боғга қандай таъсир ўтказишини сўрадик.

Аввалига раҳбар бизга фестиваль ўтказиш бўйича ҳокимлик тарафдан ҳеч ким ундан рухсат сўрамаганини, у ерда тадбир ўтказиш қарори унга боғлиқ эмаслигини айтиб ўтди.

Боғ раҳбари тадбир учун махсус жойлар қурилгани ва коронавирус пандемияси муносабати билан ҳокимликда бошқа чора қолмагани, Ботаника боғидан ўзга очиқ сайилгоҳлар йўқлигини айтди. 3 йил аввал Содиқжон Абдуназаров бу борада бошқачароқ фикр билдирган эди. У боғда махсус саҳналар қуриш ва яна катта фестиваллар ўтказишга рухсат бериш билан у ердаги салкам 100 йиллик ўсимлик дунёсига зарар етказиш мумкинлигини қайғуриб гапирганди.

Биз раҳбардан эртанги фестивални ўтказиш учун ҳокимлик улардан ёзма рухсатнома сўрагани бўйича қизиққанимизда, раҳбар телефон алоқаси носозлигини айтиб, алоқани узиб қўйди. Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимиятининг муносабатини олиш учун ахборот хизмати вакилларига боғланишларимиз бесамар ўтди. Балки сўнгги уч йил ичида бир нечта паркларни ёпиб, бетонлаштиришга рухсат берган ҳокимлик фестиваль учун ўзга очиқ боғ тополмаган бўлиши мумкин. Бу борада биз ҳокимлик муносабатига очиқмиз ва уни эълон қилишга тайёрмиз.

Ҳокимлик мутасаддилари коронавирус хавфи кўпайиб бораётган бир пайтда ва 100 йиллик ноёб ўсимликларга хавф туғдирган ҳолда катта фестивалларни ташкиллаштириш қанчалар мақсадли эканини тушунтириб беришларини истардик.

Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги Академик Ф.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғининг раҳбари Содиқжон Абдуназаровнинг 3 йил аввал боғни фестиваллар марказига айлантириш зарарлиги бўйича куйиниб айтган гапларини ёдга олмоқчимиз:

"Тошкентда кўнгилочар масканлар, ёшлар учун парк ва сайилгоҳлар талайгина, бироқ мана шу Ботаника боғига ўхшаш илмий-тадқиқотлар олиб борадиган даргоҳ битта. Ўзбекистонда ўсимликларни интродукция ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи ягона маскан, бу – "Ботаника боғи" ҳисобланади. Боғдаги ўсимликлар турларидан келиб чиқсак, у Марказий Осиёда битта. Ботаника боғини паркка айлантириш нотўғри фикр. Мен бу ерга ёшлар келмасин, демоқчи эмасман. Боғимизда ўсимлик турлари кўп. Улар орасида шовқинни хушламайдиган, одамларнинг кўп яқинлашишига бардош беролмайдиганлари турлари ҳам бор.

Боғимиз паркка айлангач, бу ерда одам кўпаяди. Табиийки, кейин одамларни назорат қилиш қийинлашади. Ёш болалар ўсимликлар орасига кириб, уларни пайҳон қилиши мумкин. Боғимизда бир икки тадбир ўтказилгач ходимларимиз бир ҳафта тадбирдан қолган ахлатни тозалаш билан овора бўлди. Шунчаки боғда айланишга келган баъзи одамлар ҳам гоҳида дарахтларни, гулларни синдириб, узиб кетишга ҳаракат қилишади. Яқинда Ёшлар иттифоқининг Юнусобод тумани бўлими боғимизда тадбир ўтказди. Байрамдан сўнг, боғда чиқиндилар қолди.

Хуллас, уларнинг байрамидан кўнглимиз тўлмади. Яна бу каби тадбирларга рухсат бериш ниятимиз йўқ. Боғимиз шу ердаги ўсимликлар оламидан баҳра олишни истаган одамлар учун очиқ. Келин-куёвларни суратга олиш учун тадбиркорлар биздан 1-2 гектар жой сўраган. Лекин, мен ўсимликларга зарар етказилишини ўйлаб, бунга рухсат бермадим.

Ҳозирда ёшлар кўпроқ тадбиркорликка қизиқади, ўсимликларни териб ўрганиб юрадиган ёшлар кам. Келажагимиз учун бу тадқиқотлар ҳам зарур. Тошкентда халқ учун хизмат қиладиган биттагина 66 гектар илмий тадқиқот маркази бўлишининг зарари йўқ, назаримда. Боғда ҳозирда йўқолиб кетаётган дарахтларнинг ягона (оналик) нусхалари сақланиб қолган. Талабалар уларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш билан шуғулланмоқда».

ЭСЛАТМА:

Илмий ходимларнинг далолат беришича, Ботаника боғи 20 йил давомида қаровсиз, эътиборсиз қолган. 2013 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 211-қарори чиққач, унда Ботаника боғини қайта реконструкция қилиш бўйича режалар келтирилади. Бироқ, бу режа 2018 йил май ойигача амалда ишламаган. 2018 йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ботаника боғида ўтказилиши режалаштирилгач, боғдаги асфальт йўллар текисланиб, таъмирга муҳтож жойлар тартибга келтирилган. Бугун Ботаника боғи алоҳида хўжалик сифатида ажралиб чиққан. Унда 3 нафар фан доктори, 4 нафар фан номзоди ва 10 нафарга яқин магистр, бакалавр илмий унвонига эга ходимлар фаолият олиб бормоқда. Ботаника боғи бугунги кунда Тошкент фармацевтика институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат аграр университетлари билан ҳамкорлик қилади. Ботаника боғи билан Жанубий Кореянинг Шингу Институти Ботаника боғи ва Хитойнинг Кульмин боғлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

КАТТА ЙЎҚОТИШ

1996 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ботаника боғига тегишли 22 гектарга яқин жой «Ҳайвонот боғи» учун ажратиб берилган. Ноёб ўсимликлар дунёсига эга бўлган боғнинг катта қисми пайҳон қилиниб, у ерга «ҳайвонот боғи» кўчирилади.

Ҳозирда «Ҳайвонот боғи»да Ботаника боғидан қолган ўсимликлар олами ўз ҳолича сақланиб қолмаган. Бугунги кунда боққа яна концерт дастурларига мўлжалланган саҳналар қуриш, автоматлар ўрнатиш билан салкам 100 йиллик ўсимликлар оламига катта зарар етказилиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар