Одамлар жон бермоқда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса катта форум ўтказмоқда

28.06.2021 07:39

Кунига юртимизда қарийб 500 нафар кишида касаллик қайд этилиб, ўлим ҳар куни қайд этилмоқда. 

Даволаш пунктларига келаётган беморлар сони ортиб, касалхоналарга сиғмай кетаётгани учун тизим қўшимча даволаш муассасаларини қайта очишга ҳозирланмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларининг қайд этишича, вазият ўта жиддий ҳолатга яқинлашган. Одамларнинг бефарқлиги, ниқоб тақмаслик, масофа сақламаслик, санитария қоидаларига амал қилмаслик, тўй-ҳашамлар, йиғинларнинг ортиши каби ҳолатлар бунга сабаб.

Аммо эртага, 29-30 июнь кунлари Тошкент Ботаника боғида “Учинчи ренессанс бунёдкорлиги” шиори остида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтади. 

Тошкентда яна минглаб ёшлар йиғилган катта форум ўтказилишидан аҳоли ва шифокорлар хавотирда.

Мутасаддилар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказамиз, деб изоҳ бермоқда. Минглаб одамлар йиғилган жойда масофа сақлаб бўладими?

Ўтказилаётган ва ўтказилиши режалаштирилаётган бу тадбирлар инсонлар ҳаётидан ҳам муҳимми?
Нима учун ҳукумат бу тадбирларни 28 июндан бекор қилмаяпти?
Ёки қатъий карантин ҳолатини “очиқ осмон остида ўтадиган тадбирлар"га алоқаси йўқми?  

Карантин чекловлари ошгани сабаб, вазиятни яхши билган масъуллар бундай тадбирларни ўтказишни ҳам ортга сурган бўлса керак деган мужда билан Rost24.uz  мухбирлари Ботаника боғига борди.

Тайёргарлик жараёни авжида. Ҳеч қандай тадбир қолдирилади, деган буйруқ келмаган.

Маълумотларга кўра, республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан 40 нафарга яқин делегация келади. Тадбир кўлами жуда катта.

Форум доирасидаги тадбир ва танловлар Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, АКТ вазирлиги, АОКА, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Фанлар академияси, ЭОАВМА, МТРК ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил қилинмоқда.

Юртимизда коронавирус авж олмоқда, одамлар жон бермоқда, ҳукумат эса минглаб ёшларни тўплаб катта форум ўтказмоқда. 

Сиз ўзингизни ўзингиз асранг!

Ирода Фарҳодова

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.06.2021 22:28
😱
28.06.2021 17:52
Юртимизда короновирусга чалиниш купайиб бошлаган пайтда бутун мамлакат буйлаб ёшлар форумлари утказилди.Форумларда хеч кандай чеклов(маска, оралик масофа) га амал килинмади.Балки касалликнинг " ёшариш"ининг сабаби хам шудир.Бунинг устига касаллик авжига чикиб кунлик 500дан ошиб турибди.Бу форумнинг "натижа"си хам 20 кун 1 ойда куриниб колса керак.Нима хам дердик бизда хатто махсус комиссия карори хам одамига караб ишлайди.