"Tashkent city" – вазир rost24.uz нинг "махсус ҳудуд" ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди

09.06.2021 17:06

“Махсус одамлар” учун яна «Tashkent city» каби махсус ҳудудларни ташкил этиш давом этадими? Қачон қонунлар барча учун баробар бўлади?

Куни кеча Murad Buildings асосчиси Мурод Назаров rost24.uz ахборот сайтига берган интервьюсида Nest one биносининг ҳужжатлари қуйи идоралар тасдиғидан ўтмаганини унинг махсус ҳудудда жойлашгани билан изоҳлаган эди. 

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вазирга rost24.uz ахборот сайти мухбири қуйидаги саволлар билан юзланди.

“Tashkent city”даги қурилиши деярли якунланган бинолар ҳамон ҳужжатсиз эканини қандай баҳолайсиз? “Махсус одамлар” учун яна «Tashkent city» каби махсус ҳудудларни ташкил этиш давом этадими?

Адлия вазири Русланбек Давлетов:

«Агар бу ҳақда бирор бир тадбиркор субъектив фикрини айтган бўлса, бу унинг ўз фикри. Махсус ҳудудлар «Иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Масалан, саноат билан боғлиқ эркин иқтисодий зоналар. Бошқа кимнингдир шахсий фикри расмий аҳамиятга эга эмас. 
«Тошкент сити» ҳудудида ер ажратиш масалалари қонуний ҳал этилган. Қурилиш объектини қуришда лозим бўлган ҳужжатлар тури жуда кўп. Улар орасида қурилиш бошланмасдан тайёр бўладигани ҳам, қурилиш жараёни билан параллел тайёрланадиган ҳужжатлар ҳам бор. 
Агар қайсидир қурилиш объектининг тайёр бўлиши керак бўлган ҳужжати ҳамон йўқ эканини аниқ айтадиган бўлсангиз, шунда унга қонуний баҳо бериш мумкин бўлади».

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар