Rost24.uz да эълон қилинган шоир Сирожиддин Саййид интервьюсига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муносабат билдирди

22.05.2021 19:28

ЭЪТИРОЗ

Кечадан буён сайтлару ижтимоий тармоқларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг айни кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган "Беш ташаббус" тадбирлари доирасида журналист Нозима Тошпўлатова саволига берган жавоби нотўғри талқин қилинмоқда. 

Аудиохабарлар шов-шув кўтариш учун: "Бир вақтлар дискотекага қарши курашганлар бугун ёшларимизни дискотекага келишга чорламоқда" ёки "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ёшларга дискотекага келишни тавсия қилмоқда" каби сарлавҳалар билан тарқатилмоқда. 

Кўплаб телеграм каналлари Rost24.uz сайти тарқатган аудиодан шоирнинг бир гапини юлиб олиб, бугунги тил билан айтганда, уни "хайп" қиляпти. 

Сарлавҳани ўқиб, тўлиқ бўлмаган аудиони эшитган юртдошларимиз эса шоирнинг номига турли хил ножоиз гаплар ёғдиришяпти. Ваҳоланки, аудиода шоир ёшларни дискотекага чорламаяпти.

Журналистнинг берган нозик саволига жавоб тарзида: "Биз ўзимиз қишлоқда катта бўлганмиз, лекин шаҳар бугунги дунё. Бир нотўғри гап, нотўғри нарсалар тарқатиб юргандан кўра, дискотекага қатнашиб ярим соат дам олган маъқул. Ёшликка хос нарсалар булар", деяпти.

Дискотека – ёшларнинг мусиқа тинглаш ва рақс тушиш учун мўлжалланган кўнгилочар маскани; мусиқа клуби.  Қолаверса, у бизнинг жамиятга кириб келганига анча бўлган, бугун ёшларларимиз дискотекага бормаяпти, дея оламизми? Юртимизда минглаб мусиқа клублари бор-ку!

Аудионинг Rost24.uz тарқатган вариантини тингласангиз, суҳбат журналист Нозима Тошпўлатова: "...айнан маънавиятга зид бўлган нарсалардан биттаси дискотекалар дегандингиз, лекин дискотекалар бу тадбирдан ўрин олган, лекин бунга қандай муносабатдасиз?" деган саволи билан бошланади. Аммо шоирники дея иддао қилинаётган бу гапни Сирожиддин Саййид қачон ва қаерда айтгани ҳақида ҳеч гап йўқ. 

Суҳбатни диққат билан тингласангиз, Сирожиддин Саййид бу саволга жавоб бергиси келмаяпти. Шунда журналист яна савол беряпти: "Айнан дискотекалар борасидаги фикрингиз?" Шундан сўнг респондент юқоридаги гапни айтади.

Бу ҳолатга юртдошларимизнинг билдираётган холис муносабатини ҳурмат қилган ҳолда, уларни Ўзбекистон халқ шоири шахсиятига тегадиган гаплар айтмасликка чақирамиз, қонунларимизда инсон шахсиятига билдирилган ҳақоратомуз гаплар учун жазо борлигини ҳам эслатмоқчиман.

Фозил Фарҳод, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 

раисининг матбуот котиби

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.05.2021 00:40
Ҳеч қиси йўқ. Саволларга жавоб беришни ўрганади. Пишади. Маддоҳлик касаллигида халос бўлишига ёрдам бўлади...