Дискотекаларни ёмонлаганлар энди ўзлари уни ташкил қилишаяптими?
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёшлар учун катта тадбир – Тошкент 5 ташаббус ҳаракатини ташкиллаштирди.
21 майдан – 25 майга қадар мазкур тадбир доирасида маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинг, пойтахтнинг машҳур одамлари билан учрашувлар бўлиб ўтади. Тадбир дастурини қарасангиз бир вақтлар маънавиятчиларимиз томонидан «маънавиятсизлик», «хориж сарқити» деб таърифланадиган тадбирлар ҳам ўрин олган. Дастур билан ўзингиз танишиб чиқишингиз мумкин.
Яқиндагина китобхонлик ва маънавият тарғиботи билан шуғулланиб, кўча рақслари ва дискотекаларни қоралаб юрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиддан дискотекаларга муносабати ҳақида сўрадик. Унинг жавобини қуйида тинглашингиз мумкин.
"Китобхонликнинг алоҳида ўрни бор. Мен ўйлайманки, яхши китобхон болалар яхши дам олишни ҳам билади, яхши спорт турини ҳам яхши кўради.
Биз ўзимиз қишлоқда катта бўлганмиз, лекин шаҳар бугунги дунё. Бир нотўғри гап, нотўғри нарсалар тарқатиб юргандан кўра, дискотекага қатнашиб ярим соат дам олган маъқул. Ёшликка хос нарсалар булар.
Айни пайтда бугунги замон ёшлари ақлли ёшлар, мулоҳазали ёшлар, дунёни англаган ёшлар. Мен ўйлайманки, ёшлар ярим соат дискотекадан кейин чала қолган китобини ўқишига ишонаман. Чунки ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган.
Мана ҳозир шаҳар ҳокимининг жуда чиройли гапларини эшитдингизки, биз хатоларимиздан хулоса чиқарамиз. Лекин мана бундай анжуманлар ёшларга катта бир имконият. Фақат ўйинқароқ ёшлар учун эмас, уйида тарбияси бор, устози бор, мактабга борадиган, билим оладиган ёшларга хос бир катта байрамдир бу.
Мен ўйлайманки, устоз Эркин Воҳидовнинг бир гаплари бўларди: Ёшларни қилаётган ҳаракатларига ғашинг кела бошладими билингки, сен қарияпсан. Мана шундай қаримасликнинг бир йўли – яхши китобхонлик, яхши байрамлар, яхши қувончлардир."