Давлатда коррупция бор-йўқлигини, бу иллатнинг даражаси қандайлигини шу давлатнинг ўнқир чўнқир йўлларига қараб аниқлаш ҳам мумкин назаримизда. Тошкентдаги ямоқли ва “яма”ли кўчаларга қараб, сиз ҳам биздаги коррупция даражаси ҳақида ўйлаб тахминий хом чўт қилсангиз бўлади. Бу ҳар ҳолда жиноят эмас.
Пойтахт кўчаларига ҳар йили миллиардлаб маблағ ажратилади. Бу маблағлар асфальтларни безаб турган чуқурларга кетадими ёки аллақандай чўнтакларгами? Rost24.uz ахборот портали Тошкент кўчаларига ажратилган бир йиллик (2021) маблағларни атрофлича ҳисоблаб чиқди.
Биламизки, таъмирланаётган йўллар ва умуман йўл қуриш учун ажратилган маблағларда ҳар бир солиқ тўловчи ва автомобиль ҳайдовчисининг ҳиссаси бор. Сиз ҳар доим машинангизга қуяётган бензиннинг 20 фоиз нархида йўл учун ажратилган маблағ ҳам ётади.
Ёки бошқача қилиб айтганда:
Тошкент шаҳрида 2021 йил маълумотига кўра, 417 646 та автомобиль эгалари (фақатгина жисмоний шахсга тегишли улов назарда тутилмоқда) бор. Улар ўрта ҳисобда бир ойда 500 минг сўмлик бензин сотиб олса, бир ойда 208.823 миллиард сўм сарфлайди. Бир йил ичида эса 2,505876 триллион сўм ишлатади. Бу маблағнинг 20 фоизи, яъни йўл фонди учун ажратилган қисмини олсак 501.175 миллиардни ташкил этади. Бу албатта, қўпол тахминий ҳисоб. Бир йил ичида 417 646 та автомобиль эгалари бу суммадан кўпроқ бюджетга фойда туширишлари мумкин.
Ҳужжатлардаги рақамларга ўтсак, 2021 йилда Тошкент шаҳридаги марказий ва туманларнинг ички умумий 273429.8 квадрат метр кўчаларини таъмирланиши учун 366 893 000 000 сўм маблағ ажратилган. 2021 йил, 9 май санасига қадар бу маблағнинг 30 фоизи (112 636 151 000 сўм) ўзлаштирилган. Яъни, бу маблағ эвазига Тошкент шаҳрининг 8334 квадрат километр майдони таъмирланган. Қоғоздаги ҳисобларга кўра, агар сиз Тошкентда яшасангиз қоғоздаги қайд этилган 8334 кв. километр таъмирланган йўлни сезган бўлишингиз мумкин. Йил якунигача таъмирланиши режалаштирган 2 753 429 кв. метр йўл, албатта, сизни оёқ остингиздан чиқиши керак.
2021 йилда Тошкент йўлларини таъмирлаш ажратилган маблағни Тошкент шаҳридаги автомобил эгаларига бўлсак йилига ҳар бир бензин ишлатувчи ҳайдовчи эгасига 1 миллион сўмдан тўғри келмоқда. Аммо, юқоридаги хом чўтга кўра, ҳайдовчиларнинг бензин ичида йўл учун тўлаган маблағлари ундан анча кўп.
“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунга асосан бензин таркибидаги солиқлар тўғридан-тўғри маҳаллий бюджетга тушади. Бу маблағлар эса қонун асосида, мақсадли равишда шаҳар кўчалари қурилиши ва таъмирига ажратилиши лозим. Тошкентнинг маҳаллий (ички), марказий кўчаларининг қанчалар таъмирга мухтожлигини аниқлаб, таъмирлаш учун режага киритиш ҳокимлик ва унинг қошидаги ободонлаштириш бошқармаси зиммасида.
Кузатамиз, 2021 йилда Тошкент йўлларини таъмирлаш учун ажратилган 366 893 000 000 сўм маблағга биз бугун нолиб юрган Тошкент автомобил йўлларини таъмирланиши қандай амалга ошар экан. Биз йил якунига қадар бу йўлларга баҳо бера оламиз, деган умиддамиз.
Rost24.uz сайти мухбирлари автомобил йўллари муаммоларини ўрганишда давом этади.