Бир ойлик ишлаб топган маошингизни рўзғор тебратиш, коммунал тўловлар, фарзандлар ўқиши, шахсий эҳтиёж ва яна бошқа сарф-харажатларга етказишингиз, керак бўлса кичик чўнтакка ҳам заҳирага сақлаб қўйишингиз зарур.
Rost24.uz ахборот сайти пойтахтимизнинг “Чорсу” бозорида “Тошкентда яшаш учун бир ойда қанча маош олиш керак?“ саволи билан сўровнома ўтказди. Одамлар ўз эҳтиёжларига мос равишда жавоб берди. Сўровномада қатнашганлар ўртача 5 миллион сўм маош олсагина бир ойга етиши ҳақида айтишди.
2019 йил парламент сайловлари вақтида ХДП раиси Улуғбек Иноятов «2,5 миллион сўм 5 кишидан иборат оиланинг бир ойлик истеъмол саватчасининг Озиқ-овқат қисмини қоплашга етади», дея фикр билдирган эди.
Бу борада, яъни 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан жаҳон тажрибаси ва аҳолининг ижтимоий сўров натижаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида истеъмол саватининг ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилиб, истеъмол саватининг миқдори бир киши учун тахминан 2 157 000 сўмга тўғри келишини қайд этган. Аммо бу борада ҳали Ўзбекистонда бирор бир расмий ҳужжат қабул қилингани йўқ.
2021 йил январь-март ойларида эса Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми 6,3 млн. сўмни ташкил этётгани ҳақида Статистика қўмитаси хабар берган.