Миллатимиз қаҳрамонлари оқланадими? Rost24.uz кўтарган масалага Олий суд муносабат билдирди

11.05.2021 10:47

Сайтимизда “Олий судга эътироз: Нега 30 йилдан буён миллатимиз қаҳрамонларини оқламаяпсиз?” номли мақола эълон қилинган эди. Унда олим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан қатағонга учраган, босмачи тамғасини олган, аслида миллатпарвар бўлган аждодларимиз номлари ҳали ҳануз оқланмаётгани юзасидан суҳбат уюштирилган эди.

Бу ҳолат мустақилликдан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Ўзбекистонда кузатилаётгани, шу вақтгача Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларда туркистонликлар миллат қаҳрамони сифатида тан олиниб, улар ҳақида бир нечта китоблар, фильмлар ишлаб чиқарилаётгани қайд этилган.

Олий суд мазкур материалга эътибор қаратди ва муносабат билдирди:

***

Rost24 ахборот-таҳлилий сайтида эълон қилинган тарихчи Б.Ирзаевнинг интервьюси юзасидан маълумот

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган бўлиб, амалий саъй-ҳаракатлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлашга Олий суд томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган шахсларнинг жиноят ишлари амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ ўрганиб чиқилаётганлиги маълум қилинади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар