“Тошкент” аэропорти қачон ўзгаради?

04.12.2020 08:06

Ҳар гал хориждан учиб келганимда, “Тошкент” халқаро аэропортининг ўта ғариб, хизмат кўрсатиш даражаси эса жуда пастлигини қайта-қайта ҳис қиламан. Куни кеча ҳам худди шундай бўлди.

Самолётдан тушиб, паспорт назоратига ўтарканман, бир гала йўловчиларни қўйни қўрага қамагандек, ўраб ўтиришганига кўзим тушди. Суриштирсак, улар Ростовдан қўнган ҳамюртларимиз экан. Ўзаро гап сўзларидан “Ковид-19”га топширган тест натижаларидан камчилик топган кўринади. Йўловчиларни эса буни рад қилади. Бақир-чақир...

Паспорт назоратида турнақатор навбат. Божхоначилар шундай имиллаб ишлайдики, одамда ишидан совиб кетган ходимдек таассурот уйғотади. Олти соатдан кўпроқ учган одамга тик оёқда навбат кутиш қанчалик оғирлигини билсангиз эди... Бир амаллаб паспорт назоратидан ўтиб олганимиздан кейин навбатдаги томоша бошланди. Багажлар ҳа деганда келавермаса, денг. Чақирган таксимга жавоб беришга мажбур бўлдим.

Бир соатдан ўтиб, багажни олган йўловчиларнинг аксарияти божхона назоратида қоқилди. Улар орасида ўзим ҳам бор. Назоратчиларнинг иддао қилишича, бир қути сигарета олиб кирмоқчи бўлганмишман. Умрида сигарета чекмаган одамга бу матоҳни олиб келишдан не наф?! Транзит орқали учиб, хорижнинг иккита аэропортида топмаган топилмани ўзбек божхоначилари кашф этганидан эса қойил қолдим.

Юкимнинг авра-астарини чиқариб ковлашди. Тинтув қилаётган ходим компьютерда ўтирган ҳамкасбидан нима кўрганини сўраб, яна тинтийди. Лекин сигарета қутиси тугул, унинг донасини ҳам тополмади (Йўқ нарсани қандай топиши мумкин, ахир?). Фақат кийим-кечакларимни сочиб ташлагани, уйқудан қолган одамнинг вақтини беҳуда олишгани қолди. Сўнг қилган ишидан узр сўраш ўрнига ғўддайганча “кетаверишингиз мумкин” деди, холос.

Ўйлаб қолдим, аэропортимиз ўзгарганини бизнинг авлод кўрмаса керак...

Телеграм каналидан олинди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар