Сардоба сув омбори талафотидан азият чеккан минг минглаб фуқаролар бугун замонавий турар жойларга эга бўлди.
Илгари чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган аҳоли эндиликда кўп қаватли уйларда қандай тирикчилик қилиши ҳам бир ечимини кутаётган муаммо эди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга бу борада аниқ вазифалар берилди.
Республика Ишчи гуруҳи Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида барпо этилган 86 та кўп қаватли ва 1840 та қайта тикланган уй-жойлардаги 2640 та хонадон эгалари тўлиқ хатловдан ўтказишди. Хатлов натижасига кўра, 11 та маҳалладаги 25,2 минг нафар аҳолининг 12,1 минг нафари аёлларни ва 15,1 минг нафари ёшларни, улардан 14 минг нафари меҳнатга лаёқатли аҳолини ташкил этиб, жами 4092 нафар ишсиз, банд бўлмаган фуқаролар борлиги аниқланди. Бугунги кунга қадар уларнинг 3 805 нафарининг (93%) бандлиги таъминланди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 15 январь куни водий вилоятларидан Андижон, Фарғона, Наманган ташаббускор ҳунарманд ва тадбиркорлар Сирдарё вилоятига таклиф этилди.
Улардан 19 нафари Сирдарё вилоятида ўз фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирди. Бунинг учун, Мирзаобод ва Сардоба туманида барпо этилган кўп қаватли уй-жойларнинг ер тўласидаги ва ён атрофидаги бўш ер майдонларига жойлаштириш юзасидан чоралар амалга оширилди. Бугунги кунга қадар 7 нафар ҳунарманд тадбиркор томонидан Оқолтин туманида паррандачилик йўналишида 100 нафар, тикувчилик йўналишида – 47 нафар, пойабзал ишлаб чиқариш йўналишида 51 нафар, Сардоба туманида тикувчилик йўналишида 50 нафар, асаларичилик йўналишида 50 нафар ва Мирзаобод туманида тикувчилик йўналишида 220 нафар жами 518 нафар маҳаллий ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
– Бизда олдин бундай тикув цехлари йўқ эди, – деди Ирода Хосилмуродова. – Сардоба сув тошқини бўлгандан кейин қуриб берилди. Албатта Президентимиз ташаббуси билан. Мана ишлаяпмиз, шароитлар яхши.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнади дейишади. Бир неча йиллар этикдўзлик билан шуғулланган ҳунарманднинг ҳозир катта пойабзал ишлаб чиқарадиган корхонаси бор.
– Банкдан кредит олаётган вақтимда бир ой банкда яшаганман. Эрталаб банкка борганимда ҳеч ким йўқ бўларди, кечга ҳамма кетгандан кейин уйга қайтардим, – деди тадбиркор Ёрбек Мавлонов. – Унча кўп эмас 90 миллион сўм кредит олиш учун бир ой ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб банкда яшаганман. Жуда қийин бўлган. шундай бўлсада чекинмаганмиз. Энди машаққатларимиз самарасини кўриб турибмиз.
Бу туманларда 10 лаб ишлаб чиқариш корхоналарининг иш бошлаши кўплаб аёлларнинг иш билан банд бўлишини таъминлади. Энг муҳими бу ишлар давом этмоқда.
Рухсора Ғофурова,
Сирожиддин Ҳошимжонов (видео)