ёхуд Олим Тош (Олим Тошбоев эмас), Севара Вафо ( Саломат Вафо эмас)
Якунланган XX аср ва XXI асрнинг ўтган йиллари инсоният тарихида ўзига хос фикрий эврилишлар даври сифатида эътироф этилаяпти. Инсониятнинг ҳаётга, дунёга муносабати эса доимо акс этаверади. Бадиий ижодда уни яққол сезасиз. Ижодкор зоти бу дунёда ўз асарларида нимадир айтишга интилади. Адабиёт ҳақидаги баландпарвоз гаплардан ўзимизни тиямизда, аввало бир инсон сифатида ўйга толамиз. Одамзод нимадир айтмоқчи бўлади. Аммо, инсон овозини Инсоният эшитмайди. Замондошларимиз, шоирлик мақомини бугунги кунда машҳурлик (Адабий “пиар” деса ҳам бўлади) билан ўлчаётган айни пайтда яқин тарихда яратилган самимий (кўпчилик соғинган)асарларга эътибор қаратдик.
Сиз уларни кузатиб, инсон қалбини ҳеч қандай баландпарвоз ундовларсиз, самимий оҳангда забт этиш мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. ЎзМУнинг журналистика ва филология факультетларида 1980-90 йилларда кўп сонли шеърият мухлислари, талаба ижодкорлар шоир Олим Тошев номини яхши билишади. Аммо, бир пайтлар битта шеъри билан шеърият ихлосмандлари қалбини забт этган шоирни бугун ҳеч ким эсламайди.
Муаллиф ҳақида қисқача изоҳ. Олим Тошев, Қашқадарё вилоятида туғилган, ЎЗМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. Қашқадарё вилоятида турли нашрларда кўп йиллар хизмат қилган. Аммо, унинг бирорта китоби чоп этилмаган. Шоирнинг ҳаёт йўли эса ачинарли ва фожиали. Бундан кўп йиллар муқаддам у руҳий касалликка чалиниб, Сурхондарё вилоятида руҳий касалликлар шифохонасига доимий тарзда даволанишга олинган. Адабий жамоатчилик эса уни ҳатто эслаб ҳам кўрмайди. Шоирнинг машҳур шеъри 1997 йилда “Ёшлик” журналида эълон қилинган.
Мен ишқимни сир тутадирман,
Ғунчаларга беркитадирман.
Ғунча тонгда сўкилиб кетар,
Ишқ оламга тўкилиб кетар.
Ким у келган, шамолми дайди?
У севгимни алдай бошлайди.
Унга айтгин, айт, нари турсин,
О, шамолнинг бетлари қурсин!..
Ишқ сийратин олиб кетади,
Билмам, кимга ҳадя этади?..
Мен ишқимни сир тутадирман,
Нур толага беркитадирман.
Нур кўзимда синиб кетади,
Борлиққа ишқ иниб кетади.
Ким у келган, хаёлми дайди?
У борлиқни аврай бошлайди...
Унга айтгин, айт, нари турсин,
О, хаёлнинг бетлари қурсин!..
Ахир бизни алдаб кетади,
Алдов кучи кўпга етади...
Мен ишқимни сир тутадирман,
Кўзларимни беркитадирман.
Кўз кўзларга чопиб боради,
Ўз эгасин топиб олади...
Ким у келган,кўнгилми дайди?
Шу инжиқдан кўнглим тўлмайди...
У инжиса инжиган сайин,
Дунё хароб бўлмоғи тайин!..
Мен ишқимни сир тутадирман,
Билмам, қайга беркитадирман?..
Якунланган асрнинг 80 йилларида адабиётга кириб келган янги авлод шеърият вакилларида ўз услубида ёза олган ва мухлислар эътиборини тортган ижодкорлардан бири Севара Вафодир(Тўлагановадир).
Шоиранинг шеърларида ботиний ишқ, замин оғриғи, шаклан анъанавий, мазмунан зоҳирий туйғулар қоришиғи борки, бу ўша давр ўқувчисини ҳам, бугунги адабиёт жўнлашган даврда, ҳайратомуз сатрларга интиқ замондош ўқувчини ҳам, янгича руҳият насимларига ошно қилади. Бугун бир қолипдаги, “шунчаки“ ёзилган шеърлардан безиб шоиранинг асарларига қулоқ тутдик.
Шоира ЎзМУнинг математика факультетини битирган, кўп йиллар Тошкент политехника институти, Ўзбекистон Миллий университетида математика фанидан дарс берган. У таниқли математик, педагог Махсума Тўлаганованинг фарзандидир.
Тўрт фаслимда куз дийдори... мени унутма,
Ҳажр йўлин ўпиб ўтар соғинч мактубим.
Шу жим-жит куз этагида руҳим совутма,
Осмонингда жавоҳирлар-аччиқ жом тубим.
Ёки:
Бу аччиқ сафролар саҳроларда йўқ,
Бу ширин сафролар сафоларда йўқ.
Менинг кўзларимда чуқур қаттол мунг-
Тиз чўккан филлардай жафоларда йўқ...
Ёки:
Даф бўл кўзлардаги тубан разолат,
Қўлларингда эрмак заиф ўйинчоқ.
Ташлаган чим тўринг узра Адолат
Эй дунё, у сени ёритган чироқ!
Шоира шеърларида ажиб ўхшатишлар, илоҳий ишқ тараннуми, фикрларни ифодалашда яланғоч тасвирдан қочиш, лирик қаҳрамоннинг ички тийнати борки, бу шеърларни ўқишга сокин тарзда (турли қарашларни ўйламай) берилиб кетасиз.
Шоиранинг “Она мадҳи”, “Қора атиргул“ номли китоблари чоп этилган. Аммо, адабий жамоатчилик бу мураббия шоирани деярли эсдан чиқарган. Шоира шеърларини “Ёшлик“ журналининг 1987-88 йиллар саҳифаларидан ва ижтимоий тармоқларга кўчирилган китоблари саҳифаларидан топдик.
Ниҳоят, шоиранинг ўзи билан суҳбат уюштиришни ният қилиб излаганимизда эса, у кишининг қизлари Нилуфардан совуқ хабарни эшитдик. Саноқли шеърлари матбуотда эълон қилинган, асарлари билан ўқувчилар қалбидан жой олган шоира 61 ёшида, бундан бир ойча муқаддам бу фоний дунёни тарк этибди...
“Сўзда-сеҳр, шеърда ҳикмат бор”, дейишади. Сеҳрни ҳис этиш эса ундан-да сеҳрли, бу завқдан Оллоҳ сизни ҳеч қачон бенасиб этмасин.
Ўлжабой Қаршиев,
журналист