Хусусий мактабга пул тўлаб ўқитишга энди-энди кўникаётгандик. Кимнинг имконияти бўлса, фарзандини хусусий мактабга беради, репетитор ёллайди, қўшимча курсларга юборади. Имконияти чекланган оила эса давлат мактабига таянади. Энди эса давлат мактабининг ўзида ҳам пул тўлаб ўқиш имконияти пайдо бўляпти.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг тайёрлов гуруҳи ҳамда 1–7-синфларига тўлов-шартнома асосида қўшимча синфлар ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, 1–4-синфлар учун ойига 24 миллион сўм, 5–11-синфлар учун эса 29 миллион сўм тўлов белгиланган. Қўшни туман ёки вилоятдан келиб, ётоқхонадан фойдаланадиган ўқувчилар учун яна ойига 3 миллион сўм тўланади. Бу бир йилда бошланғич синф ўқувчиси учун 288 миллион, юқори синф ўқувчиси учун эса 348 миллион сўм дегани.
Бу ерда табиий савол туғилади: давлат мактабида пулли таълимнинг бу шакли Конституцияда белгиланган бепул умумий таълим кафолати билан қандай уйғунлашади?
Ўзбекистон Конституциясининг 50-моддасида: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», деб белгиланган.
Албатта, шу нормага таяниб, пулли синфларни дарҳол «ноқонуний» деб баҳолаш тўғри бўлмайди. Чунки давлат таълим муассасаларида қўшимча таълим хизматларини шартнома асосида кўрсатишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳам ушбу амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 908-сон қарорида назарда тутилганини билдирган.
Лекин ҳуқуқий асос борлиги масаланинг барча саволларига жавоб бермайди. Энг асосий савол: пул айнан нима учун олинаяпти? Агар бу ҳақиқатан ҳам асосий таълимдан ташқари қўшимча хизмат бўлса, масалан, қўшимча хорижий тил дарслари, тўгарак ёки махсус курслар — масала бироз бошқача.
Аммо пул тўлаган ўқувчига яхшироқ ўқитувчи, кичикроқ синф, замонавийроқ жиҳозлар, кўпроқ дарс соати ёки яхшироқ таълим муҳити берилса-чи Унда гап шунчаки «қўшимча хизмат» ҳақида эмас, давлат мактабида сифатлироқ таълим учун алоҳида тўлов қилиш ҳақида кетади.
Хўш, у пул қаерга сарфланади Ўқитувчиларга тўланадими? Қўшимча жиҳозлар олинадими? Овқатланиш, ётоқхона ёки бошқа хизматлар ҳам шу суммага кирадими? Таълим дастури бошқачами? Буларнинг барчаси аниқ бўлиши керак.
Чунки масала фақат нархнинг қимматлигида эмас. Масала — давлат мактабида пул тўлаган ўқувчи нимага эга бўлади?
Агар пулли синфда яхшироқ шароит яратиш мумкин бўлса, нега бу имкониятларнинг маълум қисми барча ўқувчилар учун яратилмайди? Агар бунинг учун қўшимча маблағ зарур бўлса, унинг асосий манбаси ким бўлиши керак — ота-оналарми ёки давлат бюджети?
«Пули бор» ва «пули йўқ» болалар
Таълимдаги табақаланиш биз учун янги муаммо эмас. Аммо энди масала бошқа босқичга чиқиши мумкин: давлат мактабининг ўзида ҳам пулга қараб таълим имкониятлари ажралиши.
Бир томонда бепул ўқийдиган болалар. Иккинчи томонда ҳар ой 24–29 миллион сўм тўлайдиганлар. Албатта, қўшимча хизматларнинг пулли бўлиши ўз-ўзидан ёмон эмас. Лекин «пул тўлаган бола яхшироқ таълим олади» деган модель шаклланса, бу давлат таълимидаги тенглик тамойилига жиддий рутур етказади
Ахир бола ота-онасининг даромадини танламайди. Бир оила учун 24 миллион сўм — тўлаш мумкин бўлган сумма бўлиши мумкин. Бошқаси учун эса бу бир неча ойлик даромад.
Шунда бир хил қобилиятга эга икки боланинг имконияти билим ва меҳнатга эмас, ота-онасининг ҳамёнига қараб фарқ қила бошлайди. Давлат мактабининг вазифаси эса аксинча бўлиши керак: имкониятлар ўртасидаги фарқни катталаштириш эмас, уни камайтириш.
Давлат мактабида «премиум» таълим пайдо бўлмаяптими?
Бу масалада энг муҳими — пулли синфларнинг ўзи эмас, уларнинг давлат таълимида қандай ўрин эгаллаши. Агар пулли синфлар ҳақиқатан ҳам фақат қўшимча таълим хизматини кўрсатса ва бепул синфлардаги ўқувчиларнинг ҳуқуқи, таълим сифати ҳамда имкониятларига таъсир қилмаса, буни шу доирада баҳолаш мумкин.
Аммо пул тўлаган ўқувчи давлат мактабида яхшироқ таълим, қулайроқ шароит ёки устун имкониятларга эга бўла бошласа, масала жиддийлашади. Чунки бугун «қўшимча синф» деб бошланган нарса эртага давлат мактабининг ўзидаги «премиум таълим» моделига айланиб қолиши мумкин.
Шунинг учун жамоатчиликка фақат «пулли синфлар очилади» деган хабарнинг ўзи эмас, уларнинг ҳуқуқий асоси, тўлов миқдори қандай ҳисоблангани, пул ниманинг эвазига олиниши ва бепул таълим олаётган болаларнинг имкониятлари қандай ҳимоя қилиниши ҳам очиқ тушунтирилиши керак.
Конституциядаги «бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланади» деган норма қоғозда қолмаслиги керак. Чунки давлат мактабининг энг катта вазифаси — боланинг келажагини ота-онасининг ҳамёни эмас, унинг қобилияти ва меҳнати белгилаши учун тенг имконият яратиш.