Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат ҳудудларида ёш журналистларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган янги ташаббус амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан республика бўйлаб 35 нафар тажрибали ва таниқли журналист раҳбарлигида «Маҳорат мактаби» ўз фаолиятини бошлади.
Лойиҳа доирасидаги 20 та «Маҳорат мактаби» Уюшманинг ҳудудий бўлимлари томонидан мувофиқлаштирилади. Қолган 15 та мактаб эса пойтахтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси марказий аппарати қошида фаолият юритади. Тошкент шаҳрида устоз журналистларнинг маҳорат дарслари Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Контент маркази ҳамда турли таҳририятларда ташкил этилади.
Машғулотларда замонавий журналистиканинг энг муҳим йўналишлари қамраб олинади. Хусусан, интернет журналистикаси, босма матбуот, телевидение, радио, ҳуқуқий журналистика, спорт журналистикаси ва фотожурналистика бўйича амалий сабоқлар ўтказилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади журналистика соҳасига кириб келаётган ёшларга тажрибали устозлар сабоғини етказиш, уларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва замонавий медиа муҳитида самарали ишлашга тайёрлашдан иборат. «Маҳорат мактаблари»га журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар жалб этилади.
Таълим жараёнининг назарий билимлар билан чекланиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратилади. Иштирокчилар журналистнинг кундалик фаолиятида зарур бўладиган амалий кўникмаларни бевосита соҳа усталаридан ўрганиш имкониятига эга бўлади. Машғулотлар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
«Маҳорат мактаби» ташаббуси нафақат ёш журналистлар учун билим ва тажриба майдони, балки авлодлар ўртасидаги касбий мулоқотни кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим журналистик платформа сифатида аҳамиятлидир.