«Каркидон» сув омбори ҳудудида 635 млрд сўмлик мажмуа барпо этилмоқда

27.04.2026 19:43

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманида агроволтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси билан танишди.

Юртимизда қишлоқ ва сув хўжалигида энергия сарфи ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, «яшил» энергия қувватларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агровольтаика усули бир ернинг ўзида ҳам маҳсулот етиштириш, ҳам қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда агровольтаика йўналишида 10 гигаваттгача қувват яратиш салоҳияти мавжуд.

Бу ёндашув Ўзбекистон шароитида, айниқса, қуёшли кунлар кўп бўлган ҳудудлар учун самаралидир. Панеллар экинларга соя бериб, тупроқ намлигини узоқроқ сақлайди, сув сарфини камайтиради. Экинлар эса ер ҳароратини меъёрда ушлаб, қуёш модулларининг самарали ишлашига ёрдам беради.

Мажмуада сув тежамкорлигига қаратилган илғор технологиялар ҳам жорий этилган. Хусусан, Австриянинг «Bauer» компанияси технологияси асосида ёмғирлатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Бу усул сувни экин майдонига бир меъёрда етказиб, тупроқ намлигини сақлаш, ўғитни мақсадли бериш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.

Мазкур технология аввал республикадаги фермер хўжаликларида синовдан ўтказилиб, сув сарфини 40 фоизга, ўғит сарфини 35 фоизга, қўл меҳнатини 90 фоизга камайтириш ва ҳосилдорликни 25 фоизга ошириш самарасини кўрсатган.

110 гектар майдонни эгаллаган мажмуада интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик йўналишлари уйғунлаштирилган. Бу қайта тикланувчи энергия манбалари ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган мамлакатимиздаги илк агромажмуалардан бири ҳисобланади.

Ҳудудда 10 мингта қуёш панели ўрнатилган. Улар электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга тупроқ намлигини сақлаш ва экинлар учун соя ҳосил қилишга хизмат қилади. Балиқчилик ҳовузларида кислород бериш жараёни электр энергияси ҳисобига амалга оширилади, ҳовуз суви эса минерал моддаларга бой ҳолда узумзор ва боғларни озиқлантиришга йўналтирилади.

Чорвачилик йўналишида қорамоллар қуёш панеллари соясида сақланади, боғ ҳудудидаги ўтлар билан озиқланади, органик ўғит эса ер унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа мажмуада энергия, сув, озуқа ва ўғит бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга бирлаштирилган.

Бундай тизим қишлоқ хўжалиги, энергетика ва чорвачиликни ўзаро боғлаб, ердан икки карра самара олиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва бозорда рақобатбардошликни ошириш имконини беради. Энг муҳими, бу фермерлар даромадини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳозирда агромажмуада узумнинг экспортбоп «Аватар» нави етиштирилиб, зотдор қорамол ва қўйлар парваришланмоқда, интенсив балиқчилик йўлга қўйилган. Натижада 100 дан ортиқ оиланинг даромади оширилиб, 350 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Экспорт ҳажми 2,5 миллион долларни ташкил этади.

Эндиликда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун ноёб бўлган ушбу тажрибани республиканинг 13 та ҳудудида 2 минг гектар майдонда оммалаштириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мажмуа фаолияти билан танишар экан, агродронлар ёрдамида экинларни дорилаш ва мониторинг қилиш ишларини ҳам кўздан кечирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги «Каркидон» сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Бу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятларини бирлаштирган. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, сокин ҳудудлар ва ресторанлар ташкил этилган.

Президентимиз ҳудудда яратилган шароитлар билан танишар экан, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги, ҳудуд иқтисодиёти ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Туризм мамлакатни дунёга танитиш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтиришнинг самарали йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Лойиҳа доирасида юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиш, 3 миллиард сўмлик бюджет тушуми ҳамда 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш кўзда тутилган. Мажмуа 2027 йилдан тўлиқ қувватда ишга туширилади.

Келгусида бу ерда мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари ташкил этилади. Бу имкониятлар «Каркидон» мажмуасини фаол туризм йўналишидаги флагман масканлардан бирига айлантиради.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, энг муҳими, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуалари фаолияти билан ҳам танишди. Шу ернинг ўзида сайёҳлик соҳасида истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Жумладан, Тахтакўпир туманида Қоратеренг кўли, Хонобод туманида сунъий кўл, Хатирчи туманида «Кўксарой сув омбори, Поп туманида Арашан кўли, Нуробод туманида «Собирсой» ва Каттақўрғон туманидаги «Каттақўрғон» сув омборлари атрофида ҳам йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.

Бу каби лойиҳалар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар