Йўқотилаётган бюджет пуллари учун Президент қарори сабабчи қилиб кўрсатилди

24.02.2026 16:45



Яқинда “Мақсад қоғозбозликни йўқотишми ёки бюджет пулини?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилган эдик.  Унда Мактабгaчa ва мактаб таълими вазирлигининг биргина буйруғи билан бюджетдан ажратилган 97 млрд сўм “Unicon-Soft” МЧЖ ҳисобига ўтиб кетаётгани айтилган эди.

Вазирлик матбуот котиби томонидан ҳолат юзасидан билдирилган муносабатда ушбу буйруқ ноқонуний эмаслиги айтилди.

“Ижтимоий тармоқлар орқали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим ташкилотларининг “Ijro.gov.uz” ҳамда «E-huquqshunos» электрон тизимлари учун пул тўлашга мажбурланаётганлигига доир хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас”, – дейилади вазирлик муносабатида.

Аслида, мақолада гап ходимларни мажбурлаш ҳақида эмас эди, унда биргина буйруқ билан 97 миллиард сўм бюджет маблағи битта МЧЖ ҳисобига ўтказилаётган ошкор этилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги тегишли қарори билан давлат умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич “E-huquqshunos” электрон тизимига бепул асосда улаш ҳамда 2026 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлган ташкилотлар «E-huquqshunos» электрон тизимидан тегишли тўловни назарда тутувчи шартнома асосида фойдаланиши кўрсатиб ўтилган”, – дейилади Президент қароридан иқтибос келтирилган вазирлик муносабатида.

Тўғри, Президент қарорида “тегишли тўловни назарда тутувчи шартнома асосида” дейилади. Аммо қарорда ҳар бир юридик ташкилотдан ҳар ой 449 500 сўмдан олинсин, деган жойи йўқ.

Ваҳоланки, Президент бюджет пулини исроф қилишга қарор чиқармаган. Аввало, қайси мезонлар асосида  «E-huquqshunos» хизмати нархи ҳар бир ташкилот учун бир ойга 375 000 сўм этиб белгиланди, деган савол туғилади.

Нега 10 000 сўм ёки 20 000 сўм эмас? Нега вазирликнинг ўзи тўғридан-тўғри шартнома тузмасдан, бўлимларига ўзлари ажратган пулдан ўзлари шартнома қилдирмоқда?

Шу жойда сумманинг рақамлардаги кўриниши ҳаддан ташқари катталиги билиниб қолмаслиги учун ҳудудий бўлимлар алоҳида пул ўтказиш схемаси йўлга қўйилганми, деган шубҳалар ҳам пайдо бўлмоқда.

Мактабгaчa ва мактаб таълими вазирлиги 97 миллиард сўм маблағни “Unicon-Soft” МЧЖ ҳисобига ўтказиш учун чиқарган буйруғига асос қилиб кўрсатилган Президент қарорининг 5-бандида бир қанча имтиёзлар ҳам берилган:

Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги «Unicon-Soft» МЧЖ таклифларига асосан, «E-huquqshunos» электрон тизимини Марказлар ва улар юридик хизмат кўрсатадиган давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) бўлинмалари фаолиятига жорий қилишда «E-huquqshunos» электрон тизимидаги маълумотларни сақлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш ҳамда тизимнинг юқори тезликда ишлашини таъминлаш мақсадида «UNICON-SOFT» МЧЖни тегишли сервер ва бошқа зарур қурилмалар билан таъминлаб борсин.

Қарорнинг ушбу бандидан кўриниб турибдики, юзлаб миллиардларни шартномалар билан қабул қилиб олаётган МЧЖга вазирликлар барча шароитларни яратиб бериши ва зарур жиҳозлар билан таъминлаб бериши кераклиги ҳам қарорда очиқ-ойдин белгилаб қўйилган.

Шундай экан, тизимга уланган ҳар бир фойдаланувчи тўлаётган “Ijro.gov.uz” хизмати учун ойига 74 500 сўм ва «E-huquqshunos» электрон хизмати учун ойига 375 000 сўм қайси хизматлар учун, қайси асосга кўра тўланмоқда? 

Шу жойда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги (агар қурби етса) ҳам сўроқ-савол қиладиган хатоликлар кўринмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар