Президент қарорини тескари талқин қилиш қанча ходимнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлди?

17.12.2025 05:39

2025 йил 14, 15 ва 16 декабрда бутун Ўзбекистон бўйлаб «Баркамол авлод» марказлари барча вилоятлар ва туманлардаги директорлари оммавий равишда ишдан бўшатилган. Бунга сабаб ва асос нима эди? Умуман, бунга бирор асос борми?

Гап шундаки, 2025 йил 8 сентябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 277-сонли қарори қабул қилинган. 2025 йил 10 декабрь санасида эса, мазкур 277-сонли қарорни ижро этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг “Келажак марказлари” фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисидаги 776-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 776-сонли қарорнинг биринчи иловаси билан “Келажак марказлари тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Ушбу низом келажак марказларининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Бунга кўра, Баркамол авлод ташкилоти тугатилиб, унинг негизида Келажак марказлари ташкил этилмоқда.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминловчи идоралар, ҳар доимгидек салла деса каллани олиб, Ўзбекистондаги барча “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ва Республика ўқувчи-ёшлар маркази раҳбарларига ариза ёздириб, айнан – “ўз ихтиёрига кўра” ариза ёздириб, ишдан бўшатиб чиқишган. Кеча, 16 декабрь санасида бутун республикадаги ташкилот директорлари ишдан бўшашган. Бунга эса, Президент қарори асос қилиб кўрсатилган.

Хўш, мазкур қарор директорларни оммавий ишдан бўшатишга асос бўлади оладими?

8 сентябрдаги Президентнинг 277-сонли қарорининг иккинчи бандида:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида “Баркамол авлод” Республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика келажак маркази ташкил этилиши, бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам шундай марказлар ташкил этилиши ҳақида аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Яъни, бу ерда ташкилот тугатилиб, янгидан тузилиши ҳақида гапирилмаган, ташкилот негизида марказлар ташкил этилиши айтилган, демак, номи ўзгаргани ва вазифаларига ўзгартиришлар киритилгани учун ходимлар ёппасига ишдан кетишига ҳеч қандай сабаб йўқ.

Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра, ташкилот мулкдори алмашганда, ташкилот қайта ташкил этилганда, унинг идоравий бўйсуниши ўзгарганда меҳнат шартномасининг амал қилиши давом этади. Ташкилот қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари автоматик равишда бекор қилинмайди. Бундай ҳолда ҳеч кимга мажбурлаб ариза ёздириш мумкин эмас. Бу қонунчиликка зид.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2021 йилда қабул қилинган 26-сонли қарорида меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ходимнинг ташаббуси билан шартномани бекор қилиш учун ходимнинг ўзи ариза ёзиши керак. Пленум қарорининг 21-бандида меҳнат шартномасини бекор қилиш ходимнинг ишни ҳақиқатда ташлаб кетиши ёки ёзма аризаси асосида амалга оширилиши, ходимга нисбатан босим ўтказиб, мажбурлаб ариза ёздириш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Меҳнат кодексининг 89-моддасига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун мулкдор ўзгариши асос бўлиши мумкин, аммо бу фақат раҳбар, ўринбосар, бош бухгалтер ва филиал раҳбарларига нисбатан қўлланилади. Лекин ҳозирги ҳолатда, Президентнинг 277-сонли қарори ва 776-сонли қарорда мулкдор алмашиши белгиланмаган. Демак, меҳнат муносабатлари ходимнинг розилигисиз давом этади. Агар ходим меҳнат муносабатларини давом эттиришни истамаса, у ҳолда шартнома 156-модда асосида бекор қилиниши мумкин.
Президент қарорида раҳбар кадрларни танлашда стратегик фикрлаш, замонавий билим ва кўникмалар, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш каби талаблар қўйилган, аммо амалдаги раҳбарларни мажбурий равишда ишдан олиш ҳақида ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

Вазир нега қонунни бузмоқда?

Аммо, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Гапиржановна Каримованинг 2025 йил 30 сентябрда қабул қилган 368-сонли буйруғи асосида, жойлардаги ходимларга мажбуран ёппасига аризалар ёздирилиб, улар ишдан бўшатилмоқда. Яъни, директорлар “ўз ташаббуслари билан” ишдан кетишлари ташкил қилинган. Маълум бўлишича, республика бўйича 200 нафардан ортиқ «Баркамол авлод» марказлари директорларидан мажбурий тарзда ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинган. Ҳозирда барча директорлар ишдан оммавий бўшатилган. Энг қизиғи, бугун Келажак марказлари директорлари лавозимлари учун вакантлар кўрсатилиб, танлов эълон қилинган. Бу кўзбўямачиликнинг сабаби эса, ҳозирча номаълум.

Бу ҳолат нимани англатиши, бундан ким манфаатдор эканлиги, Президент қарорларини нотўғри талқин қилиш кимга кераклиги ҳақидаги саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда, ҳақиқат шуки, бутун республика бўйлаб 200 дан ошиқ раҳбар ходимлар оммавий равишда “ўз аризаларига кўра” ишдан бўшатилган. Бу ҳақда вазирнинг матбуот котиби Дилфуза Собировага боғланганимизда, у барча саволларимизни очиқ қолдирди ва жавоб беришни истамади. Аслида матбуот котибларининг вазифаси нима эканлиги ҳақидаги савол эса, алоҳида мавзу.
Нима бўлганда ҳам, бу ҳолат меҳнат қонунчилиги ва инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда, очиқ-ойдин бузилиши ва бу шу ҳолда қолиши мумкин эмас.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига мурожаатлар йўллангани айтилмоқда. Ҳозирча мурожаатларга бирор жўяли жавоб берилмаган ва бу ҳақда расмий идоралар томонидан бирор муносабат ҳам билдирилмади. Бу вазиятда албатта расмий муносабат билдирилиши ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланиши шарт деб ҳисоблаймиз ва мутасадди идоралардан маълумот кутамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар