Қашқадарёда уй-жой мулкдорлари ширкатлари тугатиляпти

30.11.2020 10:32

Ширкатлар нега тугатиляпти? Бугунги кунда ушбу савол кенг жамоатчилик қизиқтираётган саволлардан бири десак муболаға бўлмайди. 

Қашқадарё вилоятида мавжуд 1903 кўп квартирали уйлар 161 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига бириктирилган бўлиб, ушбу кўп квартирали уйлардаги умумий жойларни, мавжуд коммуникация тизимларини ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни яхши холатда сақланишини назорат қилиш ҳамда кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатилишини таъминлаш ширкатларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган эди. Афсуски ширкатлар билдирилган ушбу ишончни оқлай олишмади.

Бугунги кунга келиб вилоятдаги кўплаб кўп квартирали уйларни том қисми, ертўла қисми, комуникация тизимлари, болалар майдончалари ва унга туташ ҳудудлар ширкатлар томонидан узоқ йиллардан буён таъмирланмаганлиги натижасида жуда оғир аҳволга тушиб қолган, дейилади Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Ахборот хизматининг телеграм каналгна жойлаштирган маълумотида.

Ширкатлар аҳоли ишончини йўқотганлиги туфайли аҳоли томонидан белгиланган мажбурий бадаллар тўловлари тўланмай қўйган. Натижада ахолининг мажбурий бадаллардан қарздорлиги 3,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Зарур маблағларни ўз вақтида йиғилмаслиги ширкатлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янада ёмонлашишига олиб келган. 

Ширкатлар ўз вазифасини тўлақонли бажара олмаётганлиги сабабли, кўп квартирали уйларни таъмирлаш маҳаллий бюджетга оғир юк бўлиб тушмоқда. Охирги уч йилда вилоят маҳаллий бюджетидан катта маблағлар ажратилиб, кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва Қарши шаҳар хокимлиги мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳ Қарши шаҳрининг худудий бўлинишидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида” ги қонунда белгиланган тартибда ахоли розилиги билан мавжуд 694 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатаётган 88 та уй-жой мулкдорлари ширкатларини тугатиб, 10 та Бошқарув севис компанияларини ташкил этиш режасини ишлаб чиққан эди. Бугунги кунда ушбу режани амалиётга тадбиқ этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Ҳудудларда аҳоли билан Бошқарув сервис компанияларини ташкил этиш бўйича учрашувлар ўтказилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар