Давлатсиз қолаётган энг йирик миллат

19.03.2021 11:54

Курдлар – Яқин Шарқнинг қадимги халқларидан бири. Ўзларини курд, бўри, курманж деб атайдилар. Тарихчиларнинг фикрича Курдлар Ҳинд-Европа қавмининг Форс тармоғига мансуб. Курдларнинг аждодлари бўлмиш Меделар Оссурия подшолигини енгиб Эрон ва Анатолия ҳудудига асос солган империя Эронда Александр Македонский келгунича сақланиб қолди. Худди шу даврдан бошлаб Исломнинг пайдо бўлгунига қадар курдларнинг тақдири Эронни бошқарган империялар – Салжуқийлар, Парфия ва Сосонийларга боғлиқ бўлиб қолди.

Араб халифалиги кучсизлана бошлагандан сўнг курдлар сиёсий ҳаётда фаоллаша бошлайди. 837 йилда Курд йўлбошчиларидан бири Аҳлат номли вассалик ташкил қилади, бу курдларнинг илк давлати бўлган. Тахмин қилиш мумкинки, Курдистон тўрт йирик курд сулолалари томонидан босиб олинмаганда ягона Курд давлатини тузиш мумкин эди. Шундан сўнг Салжуқийлар курдларни бирма-бир босиб олади ва Курдистонда алоҳида вилоят ташкил қилади.

Салжуқийларнинг қулашидан сўнг Салоҳиддин асос солган Айюбийлар сулоласи XIII асрдаги мўғуллар босқинига қадар мусулмон дунёсида етакчилик қилади.

Курдлар Усмонийлар қалқони сифатида

Курдистон Усмонийлар ва Эрон ўртасидаги асосий рақобат майдонига айланиб боради. Бир неча жанглардан сўнг Усмонийлар форсларни кичик мағлубиятга учратади, аммо тўла мағлуб этилмаган форслар доимий хавф бўлиб қолаверган. Шундай вазиятда нуфузли Курд вакили турк султонига курд зодагонларининг ҳуқуқларини, имтиёзларини қайта тиклаш, ўз давлатларини тузишга изн беришини сўрайди, эвазига агар Эрон қўшинлари Усмонийларга ҳужум қилгудек бўлса, чегараларини қўриқлашга ваъда беради. Ушбу келишув асосида улар 3 аср тинч яшашди. Курдистон 17 та князликдан иборат бўлиб, ҳаммаси наслдан наслга ўтарди. Курдларнинг ўша даврдаги сиёсий ҳолати 350 та автоном давлатга бўлиниб кетган Германияникидан яхшироқ эди.

Курдлар ҳаёти битимлар остида

Ҳар бир Курд зодагони ўзининг давлати авлодлар қўлида яшаб қолишига ишонарди. Бир неча курд зиёлиларида ягона давлат тузиш истаклари пайдо бўла бошлагач, Усмонийлар уларнинг ички ишларига аралашишни бошлайди. Аксарият курд зиёлилари ўз бошқарувидан қониққани учун вақти-вақти билан султонга бож тўлаб турган. Шу боис улар мустақилликка интилиб ҳам кўрмаган. 1847 – 1881 йиллар Курдистон учун озодлик йиллари бўлди.

Мустақилликка интилишлар маҳаллий бошлиқлар, диний раҳнамолар томонидан бошланарди. Аммо империя томонидан қаттиқ қўллик билан бостирилган. Бундай жараёнларни иккинчи жаҳон урушигача кузатиш мумкин.

1915 йилдаги Франця-Англия яширин келишувига кўра Курдистон урушдан кейин бўлиб ташланиши керак эди. 1920 йилнинг 10 августида Франция, АҚШ, Буюк Британия ва Туркия томонидан имзоланган Севр шартномасига кўра Курдистон ҳудудида мустақил Курд давлати тузиш борасида сўз боради. Лекин кейинчалик шартноманинг ўзи каби бу мавзу ҳам эътибордан четда қолди.

1923 йил 24 июлда камолчилар (Мустафо Камол Отатурк тарафдорлари) ҳукумати ва Иттифоқчи Кучлар ўртасида янги битим имзоланган. Бу битим Севр шартномасини бекор қилиб, Курдистоннинг катта қисмини янги Турк давлатига қўшиб юборишни кўзлаган эди. Бундан олдинроқ, 1921 йил 20 октябрда имзоланган франция-Туркия битими Жазира ва Курд-Доғ каби Курдистон ҳудудларини Франция мандати остида бўлган Сурияга қўшиб юборган эди. Катта қисми курд етакчиларидан бири бўлган Симко бошқаруви остидаги Эрон Курдистони Эрон таркибида қолдирилади. Нефтга бой бўлган яна бир курд провинцияси Моссул Миллатлар Лигаси кенгашида Британия мандати остида бўлган Ироққа берилиши тўғрисида қарор қилинади. Шундай қилиб XII асрдан буён Курдистон деб аталиб келинаётган диёр Туркия, Эрон, Ироқ, Сурия томонидан тўртга бўлиниб олинади.

Хўш, нега курдлар бирлаша олмади?

Агар эътибор берсангиз курдлар тарихида яққол кўзга ташланадиган озодликка, мустақилликка эришиш руҳидаги курашларни кам кўрасиз. Курдлар ичида биринчи ўринда ғоявий бўлиниш юз беради, бир томон Туркиянинг пан-исломизм, пан-туркизм ғоялари измидан эргашса, иккинчи томон европадан илҳом олган ҳолда Курдистон мустақиллигини ёқлайди. Жамиятда сиёсий йўлбошчининг йўқлиги, бирлаша олмаслиги ортида ҳаммаси ўзи бўларчиликка ташлаб қўйилади. Аммо курдлар кучли миллий этник гуруҳ ҳисобланган

Бугунги курдлар ва уларнинг муаммолари

Курд сиёсати икки йирик оила томонидан бошқарилади. Курдистон ичида иккита йирик партия мавжуд. Курдистон Демократик партияси (КДП) ва Курдистон Ватанпарварлик иттифоқи (КВИ). Уларнинг ҳар бирини Курдистоннинг иккита етакчи оила аъзоси – Барзанилар ва Талабанилар бошқаради. Бугунги 38 – 40 миллионлик курдларинг аксарияти Ўрта |Шарқда яшамоқда.

Курдистон расмий тили Курдча бўлиб, ҳудудларга қараб бир неча шеваларга бўлинади.
Бугунги курдлар бир вақтнинг ўзида ҳам иттифоқчи ҳам террорчи сифатида намоён бўлиб, ИШИДга қарши курашда АҚШ билан иттифоқдошдир. Лекин Курдистон ишчилар партиясини расмий Вашингтон Хорижий террористик ташкилотлар қаторига қўяди.

Шу ўринда Туркия жиддий бош қотирадиган масалалар бор. Саддам Ҳусайн ҳукумати қулагандан сўнг, Ироқ Курдистони автономияга эришди. Бундан илҳомланган Туркиянинг биқинида жойлашган, Башар Асад ҳокимияти батамом қулашини пойлаб турган Сурия курдлари ва Туркияда алоҳида бошқарувни истаётган курдлар ҳам мустақиллик учун курашга интила бошлади.
АҚШ учун Яқин ва Ўрта Шарқда ( Эронда ҳам 11 миллионга яқин курд яшамоқда ) сўнмас бир қурол, унинг вазифаларини бажариб турувчи тиргак керак, бу тиргак Курд бўлиши мумкин.

Сардорбек ПОЁНОВ тайёрлади

ЎзЖОКУ талабаси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.03.2021 02:35
Rahmat.juda zarur malumot men uchun.