Россияда мигрантлар устидан назорат кучайтирилди

03.09.2025 09:16

2025 йил 1 сентябрдан Россияда назорат ва репрессияларни кучайтирувчи янги қонунлар кучга кирди. Улар қаторида СИМ-карталарни бошқаларга топширганлик учун жиноий жавобгарлик, VPN рекламаси тақиқланиши ва мигрантлар устидан назорат ҳам бор. Бу ҳақда DW (Deutsche Welle) нашри хабар берди.

Хабарга кўра, 1 сентябрдан бошлаб Россияда чет элликлар устидан тўрт йиллик экспериментал назорат тизими ишга туширилди. Эндиликда мигрантлар рўйхатдан ўтиши ва "Амина" номли махсус мобил иловани ўрнатиши шарт. Бу илова уларнинг геолокациясини узлуксиз узатиб туради.

Агар илова орқали маълумотлар 3 иш кунидан ортиқ вақт давомида узатилмаса, шахс Миграция марказидаги ҳисобдан чиқарилади.

Бундай ҳолатда шахс "назорат остидаги шахслар реестри"га киритилади. Оқибатда турмуш қуриш, банк ҳисоб рақами очиш, болаларни мактабга ёзиш каби тақиқларга олиб келади.

"Экстремистик" контентни излаганлик учун жарималар кучайтирилди. Тақиқланган сайтларга атайлаб кирган фуқаролар 3 мингдан 5 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

1 сентябрдан бошлаб Россияда ишлаб чиқилган 41 та илова телефонларда олдиндан ўрнатилган бўлиши керак. Энг асосийси—Мах мессенжери ва RuStore иловалар дўкони. Улар Россиядаги барча смартфон ва қурилмаларга мажбурий тартибда ўрнатилади. Давлат Думаси WhatsApp’ни тўлиқ блоклаш режалаштирилаётганини билдирган.

Шунингдек, сентябрдан бошлаб Россияда SIM-карталарни фойда олиш мақсадида ёки жиноят содир этиш учун бошқа шахсларга бериш жиноий жавобгарликка олиб келади. 

Жумладан, 700 минг рублгача жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, рақамларни беришда иштирок этганларга — 300 минг рублгача жарима ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари қўлланилади.

Яқин қариндошларга бериш ёки қисқа муддатли фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар