Янги ўқув йилидан бошлаб ОТМнинг сиртқи таълимига қабул тўхтатилади. Бу президентнинг тегишли фармонида назарда тутилди.
Бироқ сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларда “сиртқига 2-3-курсдан қабул қиламиз” қабилидаги эълонлар кўпаймоқда. Айни масалага ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эътибор қаратди.
“Шундай эълон берганлардан бири билан мижоз сифатида боғланиб, тизим қанақа ишлашини текшириб кўрдим”, дейди у.
➖ Аниқланишича, турли консалтинг фирмалар сизни 2-3-4 ва ҳатто 5-курсдан сиртқи таълимга ўқишга киритишни ваъда қилади;
➖ рўйхатда 50 дан ортиқ йўналиш бор, исталганини танлашингиз мумкин, барчаси хусусий университетларда;
➖ 10 дан ортиқ хусусий университетларнинг рўйхатини ҳам беришади, исталганини танланг деб;
➖ фирма хизмати ҳақи йўналишига қараб тахминан 10 млн сўмдан 30 млн сўмгача, лекин университетга контрактни ўзингиз тўлайсиз, бу пул фирма "харажати" учун холос;
➖ сизнинг номингизга Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондаги олийгоҳларда ўқияпти, деган сохта ҳужжат тайёрлашади. Лекин ўзингизга у ҳужжатни кўрсатишмайди;
➖ ўша сохта ҳужжат билан Сизни худди “перевод” қилгандай Ўзбекистондаги хусусий университетнинг юқори курсига олиб келиб жойлашади. Университет шартнома беради, контракт пулини тўласангиз бўлди, ҳеч нарса бўлмагандай 2, 3, 4 ёки ҳатто 5-курсдан ўқишни бошлайсиз;
➖ бу жараёнга катта эҳтимол билан университетлар ҳам аралашган бўлади, чунки ўзини ҳурмат қилган олийгоҳ албатта талабанинг ҳужжатини текшириб кўради, сохта ҳужжат билан жойлашишга йўл қўймайди. Лекин миллионлаб контракт тўлашга тайёр мижоз келиб турганда, университетлар ҳам мана шу коррупцион схемага шерик бўлмоқда;
➖ булар шунчаки сизни олийгоҳга жойлаб қўйишмайди, балки вазирликнинг HEMIS дастурига “орқа сана” билан киритиб ҳам қўйишади. Лекин бунинг учун аввал контрактни тўлиқ тўлашингизни сўрашади.
Ҳуқуқшунос берган маълумотларга кўра, 2025-йил 1 январдан 3 июлгача 41 минг 812 нафар талаба HEMIS тизимига киритилган, шундан 25 минг 821 нафари сиртқи таълимга қўшилган.
“Қанақа қилиб??? Наҳотки буни ҳеч ким назорат қилмаган??? Шу давр ичида битта хусусий университет (номини айтмайман, майли) 3 ва 4- курсга 3 минг 200 нафар талаба қабул қилган, яна бошқа биттаси 1 минг 599 кишини юқори курсларга "HEMIS"га киритган.
Бу не сир-у синоат, ўртоқлар? “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшаб, куппа-кундуз куни жиноят содир этишса, ҳаммамиз томошабин бўлиб турамизми? Қизиқ-ку... Жуда қизиқ...” дейди Хушнудбек Худойбердиев.