Самарқанддаги 12 қаватли бинони бузишдан бошқа йўл йўқми?

28.07.2025 15:37

Самарқанд шаҳрида Фурқат Халилов томонидан қурилган 12 қаватли иморатни бузиш бошланди: бу ҳақдаги суд қарорини ижро этишга киришилган. Халилов ижтимоий тармоқларда кўзёши билан чиқиш қилди. Ушбу воқеа жамоатчилик орасида кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бино қурилиш тарихи

Бино қурилиши 2012 йилда, ҳеч қандай архитектура рухсатномаси, сейсмик ва геология хулосаларисиз, хусусий тартибда қурилиши бошланган. 2015 йилга келиб бетон ишлари тўлиқ тугатилган. 2015-2017 йилларда безак ишлари амалга оширилган. Бино тўлиқ қора сувоқдан чиқарилган. Бинони қуриш учун ҳокимнинг қарори ёки бошқа тегишли давлат органларининг рухсатлари олинмаган. Шунчаки, уй атрофида истиқомат қилувчи 5 та қўшнининг розилик хати олинган.

2022 йил май ойида ўтказилган техник экспертиза натижасида бинони таъмирлаш иложсиз, уни тўлиқ бузиш лозимлиги ҳақида хулоса берилган. Шундан сўнг, ўша йил июл ойида суд қарори билан иншоотни ўз ҳисобидан бузиш Фурқат Халиловнинг зиммасига юклатилган.

Аммо суд қарори узоқ вақт ижро қилинмай қолган. 2023 йилда эса бинонинг биринчи қаватида ноқонуний қаҳвахона очилиб, бу ҳолат жамоатчиликда яна муҳокамаларга сабаб бўлганди.

2025 йилда давлат ижро органлари суд қарорини бажаришга киришди. Айни пайтда махсус техникалар жалб этилган, бино қисмларининг бузилиши бошланган.

Бино эгаси нима дейди?

Аввалроқ меҳмонхона эгаси Фурқат Ҳалилов 12 қаватли бинонинг дастлабки 4 қавати сувенир дўконлари, энг юқори икки қават ресторан ва орадаги қаватлар меҳмонхона қилишга мўлжалланганини айтган эди. Пастида икки қаватли музлаткич вазифасини бажарувчи ертўла ҳам бор. Қурилиш 2012 йилда бошланган ва тадбиркор унга 3 миллион доллар пул сарфлаганини айтди. Лойиҳа архитектори япониялик бўлган ва қурилишни битта корхона бошидан охиригача амалга оширган. Меҳмонхона эгаси 10 йилдан буён давом этаётган қурилишга рухсат олишга кўп марта ҳаракат қилгани, аммо доим мужмал жавоб олганини айтди.

Бино соҳиби Фурқат Халилов сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда яна мурожаат билан чиқди. У 10 йилдан ортиқ меҳнати ва киритган сармояси йўққа чиқмоқда, деб ҳисоблайди.

Қурилиш вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди

Самарқанд тумани “Жўйисой” маҳалласида  фуқаро Ф.Халилов томонидан ўз уйининг бир қисмини бузиб, ўрнига меҳмонхона қурилиши ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган.

Қуйидаги камчиликлар аниқланган:

— қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси мавжуд эмас;

—архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмас;

— муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;

— белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;

— меҳмонхона мажмуаси объекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНҚ 3.01.01-03 нинг 2.4 банди бажарилмаган);

— қурилиш объектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган;

— 01.01-03 нинг 7.8, 9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмаган;

— мутахассислар томонидан бинонинг сейсмологик жиҳатдан талабларга жавоб бермаслиги ҳам аниқланган.

Жамоатчилик фаоллари фикрлари

Бир неча кунлардан буён ижтимоий тармоқларда ушбу масала кенг муҳокама қилинмоқда. Бир тоифа бино бузилишини қонунларга бўйсунмаслик, бойликка ўчлик ва калта ўйлашнинг оқибати деса, бошқа бир гуруҳ эса тадбиркорнинг шунча меҳнати зое кетадими, бино хавфсизлик талабаларига жавоб берса, бузилмасин, деган фикрда.

Аброр Зоҳидов, журналист:

“Самарқанддаги қўзиқорин” деб аталган бино бўйича фикр:

1. Бу бинога 3 млн доллар сарфлаган, деган гап – лоф. Айниқса 15-20 йил олдинги харажат анча арзон эди, қуруқ устун билан томга бунча пул ишлатиб бўлмайди. Гарантия!;

2. Японлар проект чизган, қурган деган гап ҳам – муболаға. Японлар жинни эмаски тагини кичкина қилиб, тепасини каааатта қурадиган. Чизган ва тасдиқлаб берган проектини кўрсатсин, танишайлик;

3. Қўшниларнинг норозилиги бор гап. Бу “деловой центр” эмаски қанча баланд бино қуриб, шунча қойил қиладиган. Маҳалла бу! Бинони кўрган одам борки “бу қулаб кетмайдими?” деган саволни беради. Қизиғи, бино тарафдорларининг ўзи шу уйда яшаган бўлишармиди?;

4. Ўзи ёнига бориб кўрмаганлар “Тепадан томоша қилса ҳеч нарса қилмайди” дея фикр билдиришяпти. Ўзингиз ўйлангчи: ҳовлингизда қизингиз, хотинингиз ва ёки келинингиз бемалол юра оладими?;

5. Уйни камида 15 йил қурди. Наҳот ҳужжатлаштирмаган, лойиҳани тасдиқлатиб олмаган? Тўғри, қайсидир мавҳум амалдорларни айбдор қилар. Лекин бинони қуришдан фақат у манфаатдор-ку. Қандай қилиб ҳужжатсиз шунча пул тикиб, таваккал қилиши мумкин?

Rassom Tuz, блогер:

“Самарқанднинг Жўйсойидаги "Қўзиқорин" бинони Бош вазир Абдулла Арипов "бузиб ташланглар" дебди. Бино Самарқанд тарихий марказидан узоқда жойлашган. Айни пайтда декадент меъморлик намунаси ўлароқ туристларни ўзига жалб қилмоқда.  

Бузилсинми ëки йўқ? Менимча бузилмасин ва уй эгаси мана бу ишларни бажарсин. 
1. Бино подвали холодильник бўлмаслиги керак. Чунки холодильник бу бинони қулатадиган тайм бомба. 
2  . Уй эгаси атрофдаги уйларни сотиб олиб атрофини очсин. 
3. Бинони сейсмик тестдан ўтказиб хужжат олсин. 
4. Бинонинг бир қаватида самарқанд қоғози тарихи музейи очилсин.

Бўлди шуларни амалга оширса бино "дидсизлик ва хаваскорлик" шедеври бўлиб қаққайиб тураверсин”.

Абдусалом Норматов, ижтимоий тармоқ фаоли:

Сақлаб қолиш керак.  Пиза шахридаги машҳур қийшиқ минорани ҳам дастлаб бузиб ташламоқчи бўлишган.  Франциядаги Эйфел минорасини ҳам.  Бироқ уларнинг ҳар иккиси шаҳар символига айланди.  Самарқанддаги бу уй ҳам вақти келиб туризм объекти бўлиб қолиши мумкин.

Дилобар Аслиддин қизи, журналист 

“Бино Самарқанд шаҳрининг бир бурчагида эди… Айтишларича одамлар уни атай кўриш учун марказдан вақт ажратиб, машина гаплашиб келар экан. Мен ҳам алоҳида вақт ажратиб борган эдим. Пастдан қараганда жуда мустаҳкамлиги сезилади. Грузияда бўлганимда Батумида шунга ўхшаш ноодатий биноларга кўп кўзим тушганди. Уларнинг аксарияти ички йўлларда эмас марказий йўлларда эди. Уни ҳеч ким бузинглар демаган бўлса керакки, кўрк бўлиб турибди! 

Бизда-чи?! Сал бошқачароқ бўлмоқчи бўлсанг, “чопишади”!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар