Бугун, 24 июль – Ўзбекистон тараққиётида бош ролдаги ислоҳотчи лидер, президент Шавкат Мирзиёев 68 ёшни қарши олди. Давлат раҳбари ҳозирда Ўзбекистон президенти лавозими билан бир қаторда, Қуролли кучлар олий бошқўмондони, Хавфсизлик кенгаши раиси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ва бошқа стратегик кенгашларга раис сифатида фаолият юритмоқда.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокорлар оиласида туғилган. У Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олиб, муҳандис-механик мутахассислигини эгаллаган. Шунингдек, у техника фанлари номзоди ва доцент илмий унвонларига эга бўлган.
Шу тариқа у илм-фан билан чамбарчас боғлиқ ҳолда меҳнат фаолиятини бошлаган, институтда кичик илмий ходимликдан проректорликка қадар етиб борган.
Сиёсий фаолиятга кириб келиши ва давлат бошқарувидаги тажрибаси
Мирзиёевнинг сиёсий фаолияти 1990 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига депутат этиб сайланиши билан бошланган. У дастлаб Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокими (1992), кейинчалик Жиззах (1996-2001) ва Самарқанд (2001-2003) вилоятлари ҳокими лавозимларида ишлаган.
1995-2003 йиллар давомида ижроия ҳокимиятда ишлаш билан бир қаторда, Олий Мажлис депутати сифатида мамлакатда муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларида фаол қатнашди. 2003 йилда Бош вазир этиб тайинланиб, 2016 йилгача бу лавозимда ишлаб, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини ошириш, замонавий бозор механизмларини ривожлантиришда ҳисса қўшди.
Президентлик даври ва ислоҳотлар босқичи
2016 йил сентябрида биринчи президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг Мирзиёев вақтинча президент ваколатларини бажарувчи сифатида тайинланди. Орадан учой ўтиб, 2016 йил декабрда ўтказилган сайловларда 88,61% овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди ва 2016 йил 14 декабрда расман лавозимга киришди. 2021 йил октябрь ойида эса 80,1% овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланди. Амалдаги президентлик муддати 2030 йилгача давом этади.
Мирзиёев президент сифатида фаолият бошлаганидан кейин мамлакатда янгиланиш жараёнларини бошлаб берди. Бу даврда сиёсий тизимни либераллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ваиқтисодиётни диверсификация қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Хусусан, мажбурий пахта теримини бекор қилиш орқали халқаро майдонда ижобий имиж шакллантирилди, шунингдек давлат хизматлари очиқлиги оширилди.
Ижтимоий соҳа ва маҳалла институтини ривожлантиришга эътибор
Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятида ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратган. Шу билан бирга, маҳалла институтини ислоҳотларга жалб этиш орқали маҳалланинг жамиятдаги ўрнини ошириш ва фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор берди.
Ташқи сиёсатда очиқлик ва минтақавий интеграция
Президент Мирзиёев ташқи сиёсатда очиқлик ва прагматизм тамойилларини илгари сурди. Қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш, минтақавий иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларидан бўлди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини кучайтириб, мамлакат иқтисодиётига сармоялар оқимини оширишга хизмат қилмоқда.
Миллий ва хорижий мукофотлар
Давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакат тараққиёти ҳамда халқ фаровонлигини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси инобатга олиниб, Шавкат Мирзиёев “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
Бундан ташқари, у бир қатор хорижий давлатларнинг нуфузли мукофотларига ҳам сазовор бўлган. 2017 йил 22 ноябрда Қирғизистон Республикаси Президенти фармони билан “Данакер” ордени, 2018 йил 14 мартда Қозоғистон Республикаси Президенти қарори билан “Дўстлик” ордени, “Сеулнинг фахрий фуқароси” (Жанубий Корея, 2018) “Евроосиёга хизматлари учун” мукофоти (Туркия, 2018) “Тож ордени” (Тожикистон , 2021) “Александр Невский ордени” (Россия, 2022), “Олтин бургут” ордени (Қозоғистон, 2024) каби мукофотлар билан тақдирланган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевга Япония Нагоя университетининг фахрий доктори унвони ҳам топширилган.
Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятида Ўзбекистонни замонавий ривожланиш йўлига олиб чиқиш, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга интилиб келмоқда.