Ўзбекистонда жазирама иссиқ билан боғлиқ ортиқча ўлимлар барча ёш гуруҳлари учун йилига ҳар 100 минг кишига 19 тадан 21 тагача ўлим ҳолатини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки тадқиқотида сўз боради.
Жазираманинг инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга зарарли таъсири
Тадқиқотда Европа ва Марказий Осиё минтақасининг (ЕМО) 70 та шаҳрида, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда жазираманинг инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга зарарли таъсири ҳақида фактлар келтирилган.
Хусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 000 кишига 25−28 ҳолатни ташкил қилади. Остона ва Бишкекда, Тошкентда бўлгани каби, 19−21 та ўлим орасида.
2090 йилга келиб, Марказий Осиёнинг бир қанча йирик шаҳарларида, жумладан, Остона ва Тошкентда ҳавонинг иссиқлиги туфайли умумий ўлим йилига 10 000 дан 23 000 гача етиши мумкин.
Иш ўринларининг йўқолиши
Қайд этилишича, 2023 йилда ЕМО минтақасида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 87 000 дан ортиқ тўлиқ бандлик иш ўринларининг йўқолишига олиб келган. Улардан 22 мингдан ортиғи Ўзбекистонда ва 18 мингга яқини Озарбайжонда.
2050 йилга бориб минтақанинг тўққизта шаҳри, жумладан, Ашхободда иссиқлик туфайли йиллик иқтисодий йўқотишлар ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан ошиши мумкин.
Қирғизистонда экстремал ҳарорат ҳар йили 200 км га яқин йўлларнинг шикастланишига олиб келади, бу эса таъмирлаш учун катта харажатларни келтириб чиқаради ва транспорт инфратузилмасига боғлиқ бўлган иқтисодий фаолиятни издан чиқаради, дейилади ўрганишларда.
Қандай таклифлар бор?
Тадқиқотда ЕМО шаҳарлари ҳарорат кўтарилишининг салбий оқибатларини юмшатиш учун ҳозирданоқ амалга ошириши мумкин бўлган чора-тадбирлар таклиф этилган.
Улар шаҳарларда «яшил» ҳудудлар ва сояли майдонларни кўпайтириш учун дарахтлар экиш, биноларни пассив совитиш учун модернизация қилиш, аҳолини эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш ва соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятини яхшилаш, «совитиш» марказларини ташкил этиш, иссиқликка чидамли материаллардан фойдаланиш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини режалаштиришда об-ҳаво аномалияларини ҳисобга олишни ўз ичига олади.