Ўзбекистонда бир йиллик электромобиллар сотуви ҳажми 62,6 фоизга ошди

16.07.2025 10:41

Мамлакатда бир йиллик электромобиллар сотуви ҳажми 62,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида қайд этилган.

Автомобиль бозоридаги вазият

Жорий йил бошидан бери Ўзбекистон автомобиль бозорида барқарор фаоллик сақланмоқда. Июнь ойида енгил автомобиллар савдоси ҳажми майдагидан 3 фоиздан кўпроқ ошди.

Январь—июнь ойларида енгил автомобиллар савдоси тахминан 446 минг донадан иборат бўлди. Бу 2024 йил мос даврига нисбатан 23 фоизга кам.

“Бундай пасайиш, асосан, савдоларнинг катта қисми тўғри келадиган иккиламчи бозордаги фаолликнинг сусайиши билан изоҳланади. Мазкур омил умумий бозор фаолияти пасайишининг асосий сабаби бўлди”, дейилади таҳлилда.

Бирламчи автомобиль бозоридаги вазият

Июнда бирламчи енгил автомобиллар савдоси майдагига нисбатан 2,6 мингтага (10 фоиздан ортиқ) ўсди. Бир ой давомида 23,7 минг дона маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотилди. Бу кўрсаткич майдагига қараганда 15,6 фоиз кўп.

Янги ва хорижда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сегментида салбий динамика кузатилди. Июндаги савдо ҳажми тахминан 4 минг донани ташкил этиб, майдагига нисбатан 12,6 фоизга камайди.

Иккиламчи автомобиль бозори

Марказ таҳлилига кўра, ўтган ойда 52 минг донадан ортиқ фойдаланилган енгил автомобиллар сотилган. Мазкур рақам майдагига нисбатан 0,4 фоизга кам. Умуман олганда, иккиламчи бозорда йиллик ўсиш 1,3 фоизни ташкил этган.

Электромобиль бозоридаги вазият

Июнь ойида 5,1 минг дона енгил электромобиллар сотилди. Бу майдагига қараганда 1,7 фоизга кам. Ойлик савдолар бир оз камайишга қарамай, йиллик кўрсаткичларда бозор барқарор динамикани намоён этмоқда.

Жорий йил биринчи яримида сотилган электромобиллар сони 28,8 минг донага етди. Мазкур кўрсаткич 2024 йил мос давридагига нисбатан 62,6 фоизга кўп. Электромобильлар савдосининг энг катта ўсиши Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.

2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 65,2 мингта электромобиль рўйхатга олинган. Тошкент шаҳри (49,7 мингта) электромобиллар сони бўйича пешқадам бўлиб қолмоқда. Энг кам электромобиллар Сурхондарё вилоятида — 198 дона.

Автомобиль бозори кутилмалари

Американинг Boston Consulting Group компанияси прогнозларига кўра, Ўзбекистон автомобиль бозори 2030 йилгача ҳар йили ўртача 6 фоизга ўсади. Мамлакат автомобиль сектори яқин 3–5 йилда ривожланишига қуйидаги уч асосий тенденция таъсир қилади:

электромобиллар ва гибрид автомобиллар (ХEV) савдосининг ошиши;
янада юқори тоифадаги (премиум) моделларга ўтиш;
SUV (йўл ва йўлдан ташқари — офф-роад ҳайдов учун мўлжалланган) моделларга бўлган барқарор харидорлар талаби.

Шу билан бирга, автомобиль бозори ривожида мамлакат иқтисодий ўсиш суръати, валюта курси ва Марказий банк асосий ставкаси ҳал қилувчи рол ўйнаши таъкидланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар