Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Чорвоқ бўйида қуриладиган Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм маркази лойиҳаси муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жамоатчиликда ягона ва ҳақли савол туғилган: ушбу бутун бошли шаҳарчанинг қурилиши қарийб бутун Тошкент шаҳри ва вилоятининг сув таъминоти учун муҳим ҳисобланган сув омборининг тозалигига қанчалик таъсир қилади?
Бу ўзи қандай лойиҳа?
Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишган эди. Ўшанда Озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор йирик хорижий компаниялар билан шерикликда Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказини қуриш истагини билдирганди.
Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Келажакда ўзига хос туризм хабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлади.
Давлат раҳбари бу таклифни маъқуллаб, уни халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш ва босқичма-босқич қуриш зарурлигини таъкидлаган эди.
Шундан сўнг 14 апрель куни Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказининг мастер-режаси тақдимоти билан танишди ва 11 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси билан Sea Breeze Uzbekistan курортини қуриш бўйича келишув имзолади. Лойиҳага киритилган инвестиция ҳажми 5 млрд долларга баҳоланган. Аммо ҳали қурилиш бошлангани йўқ, ҳозирча Чорвлқ қирғоқларини тозалаш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда.
Бироқ лойиҳанинг концепция тафсилотлари ва амалга ошириш муддатлари эълон қилинмаган. Экологик экспертиза — унинг ҳолати ва масъул шахслар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Минтақадаги нозик сув инқирози билан боғлиқ кучайиб бораётган ноаниқлик ижтимоий тармоқларда кенг кўламли норозиликларга сабаб бўлди.
Танқидга жавобан Эмин Агаларов Instagram’да «оқова сувлар тозаланади» деб видеомурожаат жойлаштирди, бироқ тозалаш механизмлари тафсилотлари ва лойиҳанинг бошқа аниқ маълумотлари ошкор этилмади.
Жамоатчилик қандай фикр билдирмоқда?
Ушбу қурилиш ҳақидаги хабар жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Қурилиш Чорвоқнинг сув сифати, гидрологик мувозанати ва санитария ҳолатига қандай таъсир қилиши одамларни хавотирга солмоқда.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов:
«Биринчидан, Чорвоқ сув омборида яқин йилларда унинг асосий ирмоқлари бўлмиш Чотқол ва Писком дарёларида ушбу ном билан аталувчи ГЭС қурилишлари барпо этилиш фонида ушбу сув омбори гидрологик режими тубдан ўзгариб кетади. Инвестор ушбу ҳудуддаги йирик лойиҳасида ушбу масалага қанчалик эътибор қаратган?
Иккинчидан, жорий лойиҳа маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун камида ярим асрлик қулай дам олиш маскани вазифасини бажаради. Ушбу давр учун шамол тезлигини пасайтириб, реал ўз объекти ва пойтахтга хавф туғдирмаслик мақсадида инвестор бино иншоотлар қуришда қандай услубни қўлламоқчи? Шамолни кучайтирувчи конверген ва вентура усуллари асосида биноларни кўтариш масалаларига қандай ёндашмоқчи?
Учинчидан, жамоатчилик нима учун ҳанус кўплаб тузилмалар, масалан лойиҳа учун гидрогеология, сув оқова, ҳудудий электр тармоқлари ва бошқа шу каби тузилмалардан техник шартлар олингани ҳақидаги маълумотлардан хабардор эмас? Қонунчиликда кўрсатилган Архитектура Режа Топшириғи нима учун омма учун очиқланмаган?
Тўртинчидан, этнотуризмни ривожлантириш, қолаверса, яшил ўрмонларни бир мувозанатда сақлаш учун ушбу инвестор қандай ташаббусларни олға сурмоқда? Шу каби саволларга тўлиқ жавоб берган ҳолда озарбайжонлик инвесторнинг Чорвоқ сув омбори атрофида йирик инфраструктура барпо этилишини қўллаб қувватлаш мумкинлигини билдириб ўтмоқчимиз.
Зеро, биз чет эл инвесторларини мамлакатга инвестеция киритиши тарафдоримиз ва бу юқоридаги мезонлар, қадамлар асосида амалга оширилса, сих ҳам кабоб ҳам куймаслиги, иқтисодиёт ривожланиши, экомувозанат бузилиб кетмаслигини маълум қилмоқчимиз».
Хабарга энг биринчилардан бўлиб муносабат билдирган экоблогер Urikguli (Мўтабар Хушвактова)нинг Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ҳақида экспертлар ва инфлюенсерлар фикрларини тўплаган видеосида ҳам иштирокчилар бўлажак курортнинг Чорвоқ сув омборининг гидрологик мувозанатига таъсири ҳақида гапирган.
Барқарор қурилиш мутахассиси Темур Аҳмедов сув балансидаги ҳар қандай ўзгаришларни ҳар томонлама ўрганиш муҳимлигини эслатиб ўтди: «Тошкентда 3,5 миллион аҳоли истиқомат қилади, Янги Тошкент қурилмоқда. Ҳаммага сувни қаердан оламиз? Чорвоқдаги баланс бузилиб қолса, катта муаммо бўлади».
Табиий фанлар доктори Юлдузхон Абдуллаева эса «Биринчи навбатда биохилма-хиллик катта зарар кўради. Чунки Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофида Ўзбекистоннинг энг ноёб ўсимликлари, ҳайвонлари яшайди. Қолаверса, кўпгина қурилиш материалларни ўша ҳудудга ташиш талаб этилади, бизда сув йўли бўлмагани учун қуруқ йўлдан ташиш амалга оширилиши керак, бу эса ҳавонинг ифлосланишига ҳам олиб келади», дея таъкидлади.
Гидрометеорология институти кичик илмий ходими Алишер Худойбердиев сув сифатининг ёмонлашиши мумкинлигига эътибор қаратди: «Моторли қайиқлардан фойдаланиш сувнинг ифлосланишига олиб келади. Унинг сифатининг пасайиши ичимлик суви ва қишлоқ хўжалиги ерларига бевосита таъсир қилади».
Шаҳаршунос Искандар Солиев қурувчиларнинг кафолатларига шубҳа билан қарамоқда: «Биз қурилиш олдидан кўпинча чиройли ваъдалар олишимизни биламиз, лекин кейинчалик улар амалда бажарилмаяпти. Асосий ташвиш шу», — дейди у.
Urikguli’нинг ўзи таъкидлашича, «қурилиш жараёнида хатоликларга йўл қўйилса ёки Чорвоқ сув омборидаги сув ифлосланса, биз ягона ичимлик сув манбамиздан айрилиб қолишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар томонлама экологик текширув ва лойиҳа шаффофлиги зарур».
Масаланинг яна бир томони
Ижтимоий тармоқдарда мавзу кенг муҳокама қилинар экан, одамлар катта хусусий комплекс сувга бепул киришни чеклаши мумкинлигини ёзмоқда.
Дарҳақиқат, биз бепул табиат қўйнига чиқиш мумкин бўлган жойларни йўқотмоқдамиз. Ҳозирнинг ўзида Чимён ёки Чорвоқда дам олай десангиз, нархлар осмонда.
Бу борада Блогер Самандар Низомовнинг муносабати жуда ўринли: «Бизга VIP зона нега керак? Бойлар кириб, камбағаллар узоқдан томоша қилиши учунми?».
Вазиятни ўрганар экансиз, яна талай саволлар туғилаверади: Бу лойиҳа бўйича қарор нега экологик экспертиза ўтказилмаган ҳолда қабул қилинган? Нега масала халқ иштирокисиз ҳал қилинди? Мустақил экспертизалар қаерда? Лойиҳани ким назорат қилмоқда?
Жамоатчилик Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси қурилиш босқичига ўтгунга қадар кўтарилган масалаларга ойдинлик киритилишини кутмоқда.