Қонун бор, адолат-чи? Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?

27.06.2025 14:16


XXI аср — ахборот асри сифатида эътироф этилади. Бугун ахборот жамиятнинг ҳаёт ритмини, ижтимоий онгини ва ҳатто сиёсий йўналишини белгилаб бермоқда. Шу жараёнда ахборот манбаи бўлган журналистлар инсонлар онгига таъсир қилувчи асосий кучга айланган. Бироқ афсуски, айнан шу куч бугунги кунда энг катта босим остида қолмоқда. 

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг дахлсизлиги ва касбий фаолиятини эркин амалга оширишини таъминлаш бугунги даврнинг энг долзарб масалаларидандир. 
Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқларини қонуний жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамлар ташланган. Жумладан, Президентнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли фармонида қабул қилинган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашув учун жавобгарликни кучайтириш белгиланган.

 “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида” сингари қонунлар соҳадаги ҳуқуқий асосни таъминламоқда. 


Бироқ назарий ва амалий жиҳатлар ўртасида сезиларли тафовут мавжуд. Устоз журналист Карим Баҳриев журналистлар ҳуқуқини қонуний жиҳатдан кафолатлаш етарли эмаслигини, журналистик фаолиятга қўйилган Жиноят кодексидаги “туҳмат” ва “ҳақорат” моддалари сўз эркинлигига тўсқинлик қилаётганини таъкидлайди. Унга кўра, бундай моддалар демократик давлатларда мавжуд эмас, аксинча, улар авторитар тизимлар меросидир. 

Шунингдек, журналистнинг сўзи учун қамоққа олиниши жамиятда танқидий фикрнинг сусайишига, сунъий сукутга сабаб бўлади. Аслида, ёлғон ёки ноаниқ ахборот учун маъмурий ва фуқаролик жавобгарлиги етарлидир, сўз учун эркинликдан маҳрум қилиш эса ҳеч қачон адолатли бўлмайди. 
Сўз эркинлигининг муҳим синовларидан бири — журналистларга нисбатан босим ва таҳдидлардир. Бу борада 2021 йил август ойида юз берган ҳолат жиддий хавотир уйғотган. Qalampir.uz сайти журналисти Феруза Нажмиддиновага нисбатан интернет тармоқларида тузилган монтажли видео орқали туҳмат тарқатилди. 

Айнан шу видеонинг танқидий мақола чоп этилган кун арафасида тарқалиши — бу ҳаракатнинг режали ҳужум бўлганини кўрсатади. Ушбу ҳолатда журналистни шарманда қилиш, уни жамият олдида обрўсизлантириш орқали профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишга уриниш аниқ намоён бўлган. 


Бундан ташқари мазкур ҳолатлар Ўзбекистондагина эмас, балки бутун дунёда кузатилаётган хавфли тенденциянинг бир кўринишидир. YUNESKO маълумотларига кўра, 2006 йилдан 2020 йилгача дунё бўйича 1200 дан ортиқ журналист ўз касбий фаолияти сабабли ўлдирилган. 2023 йилда дунё бўйлаб 99 журналист ўлдирилди, бу сўнгги 8 йил ичида энг юқори кўрсаткич бўлди. Бу кескин ўсиш бир неча глобал геосиёсий омиллар билан боғлиқ эди. Жумладан 2022 йилда бошланган Россия-Украина уруши 2023 йилда ҳам давом этди.

 Фронт ҳудудларида ишлаётган журналистлар ўққа тутилиш, портлашлар ёки махсус ҳужумлар натижасида ҳалок бўлиш ҳолатлари кўпайди. Шунингдек, Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятининг мустаҳкамланиши даврида 2023 йилда журналистларга босим янада кучайди. Аёл журналистлар фаолиятдан бутунлай четлатилди. Мустақил ОАВ ёпилди ёки назоратга олинди. Бир нечта журналистлар сирли шароитларда йўқолди. 


2024–2025 йилларда эса Ғазо-Исроил можароси фонида журналистлар ўлими рекорд даражага етди. Ғазо сектори журналистлар учун энг хавфли ҳудудга айланди. 2023 йилнинг октябрь ойида бошланган Исроил–Фаластин (Ғазо) можароси 2024 йил давомида ва 2025 йилда ҳам давом этмоқда. 

Бу уруш нафақат оддий аҳолига, балки журналистларга ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. CPJ (Committee to Protect Journalists) маълумотларига кўра, 2024 йилда 124 журналист ҳалок бўлди — бу 1992 йилдан бери энг юқори кўрсаткич. Шунингдек, Press Emblem Campaign (PEC) бу рақамни янада баландроқ — 179 журналист деб кўрсатган.

2025 йилнинг 12 июнига келиб, CPJ томонидан қайд этилган журналистлар ўлими сони 179 дан 202 нафаргача етди, уларнинг катта қисми фаластинлик ОАВ ходимларидир. 


Қўшни давлатлар тажрибаси ҳам бу борадаги муаммолар чуқур илдиз отганини кўрсатади. Жумладан, Қирғизистонда мустақил журналист Геннадий Павлюкнинг қотилона ўлими — журналист эркинлигининг қандай хавф остида қолиши мумкинлигини очиқ кўрсатади. Павлюк қизиқиш уйғотувчи сиёсий мавзуларни ёритгани, ҳукуматни танқид қилгани учун таҳдид остига олинган, охир-оқибатда эса фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмган. У билан бир қаторда, ўнлаб бошқа журналистларга ҳам уюштирилган ҳужумлар қамраб олинмаган, расмий органлар эса бу ҳолатларни "уюшмаган жиноятлар" сифатида баҳолаш билан чекланган. 


Шу билан бирга, сўнгги йилларда гендер масаласи журналист хавфсизлиги контекстида алоҳида эътибор талаб қиладиган муаммога айланган. Халқаро маълумотларга кўра, аёл журналистларнинг 73 фоизи интернетда таҳдид, ҳақорат ва босимларга дуч келган. 

Бу рақам бутун дунё бўйича олинаётган бўлса-да, Ўзбекистон ҳам бу муаммога бегона эмас. 
Бунга яққол мисоллардан бири — журналист Анора Содиқова ва блогер “Муфасса” (Миржалол Ҳайдаров) ўртасидаги можаро бўлди. Можарога ижтимоий тармоқларда бир-бирига нисбатан билдирган танқидий фикрлар, сўнгра эса уларнинг шахсий ҳаётига қаратилган постлар сабаб бўлган. Айниқса, аёл журналистга нисбатан камситиш, шаънини ерга урувчи фикрлар, таҳдидли изоҳлар билдирилган. Бунга жавобан Анора Содиқова блогерга нисбатан судга мурожаат қилган бўлса-да, Тошкент шаҳар суди уни қаноатлантирмади ва Анора Содиқова даъвосини рад этди. Бу ҳолат кўплаб журналистлар ва фаоллар орасида норозилик уйғотди. 


Таълим соҳаси мутахассиси Комил Жалиловнинг таъкидлашича, бу ишда журналист эмас, балки мамлакат журналистикаси мағлуб бўлган. 


“Ўзбекистон қонунлари ажойиб, суд тизими ундан-да ажойиб. Масалан, ҳақорат бор, лекин … ҳақорат йўқ. Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида прецедент: энди суд, керак бўлса, „бу — қора, лекин … қора эмас“, деб ҳукм чиқариши, энди исталган эркин сўз айтаётган журналистни ёки фаолни ҳақорат қилиб, сувдан қуруқ чиқиш мумкин. „Сиз ифлос виждон билан ғолибсиз, мен тоза виждон билан мағлубман“ деган эди Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонларидан бири тилидан. Лекин бу ишда мағлуб Анора Содиқова эмас, мағлуб — Ўзбекистоннинг тобора бўғилиб бораётган журналистикаси ва Анора Содиқова мардларча ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб келаётган миллат манфаатлари”, — деб ёзади у. 


Ушбу ҳолат нафақат аёл журналистлар, балки умуман ОАВ вакилларининг суд орқали ўз шаънини ҳимоя қилиш имкониятлари чекланганини кўрсатмоқда. Айниқса, аёлларга нисбатан содир бўлаётган онлайн таҳдидлар ва ҳақоратлар Ўзбекистон қонунчилигида алоҳида модда сифатида кўзда тутилмаган, бу эса амалиётда ҳуқуқий ҳимояни мураккаблаштиради. 


Бугунги кун реаллиги шуни кўрсатмоқдаки, журналистларга нисбатан босимлар — у сиёсий, иқтисодий ёки маиший бўладими — сўз эркинлигига рахна солади. Бу эса фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини тўлақонли амалга оширишига тўсқинлик қилади. Ҳуқуқий кафолатларнинг мустаҳкамланиши, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони муқаммал қилиш, журналистлар фаолиятига ноқонуний аралашувлар учун аниқ жавобгарлик тизимини жорий этиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидандир. 


Бир сўз билан айтганда, журналист ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу шунчаки касбий эҳтиёж эмас, балки демократик жамият қуришнинг асосий кафолатидир.

 Журналистларни ҳимоя қилиш — бу жамиятнинг ҳақиқатга, адолатга ва эркин фикрга бўлган ҳурматини англатади. Шундай экан, журналистларга таҳдид эмас, ҳурмат; цензура эмас, эркинлик; жазо эмас, қонуний кафолатлар зарурдир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар