Ўзбекистонда Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси жорий этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 май куни қабул қилинган “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий вазифалари қуйидагилар белгиланди:
профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган кадрларга бўлган талабни ўрганиб бориш;
номзодларни вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари эҳтиёжларига мос ҳолда профессионал йўналтириш;
стипендиатларнинг Ўзбекистонга қайтгандан сўнг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб қувватлаш бўйича таклифлар киритиш;
мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада ошириш учун стипендиатлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари орасидан мақсадли стажировкага юбориладиган номзодлар рўйхати шакллантирилади;
стажировка ташкил этиладиган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати буюртмачилар, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан белгиланади;
мақсадли стажировкага юбориладиган мутахассисларнинг стажировка ўташда зарур бўладиган хорижий тилни ўрганиши учун вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари томонидан тегишли шароитлар яратиб берилади.
Шунингдек, фармонга кўра, бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун энг муносиб номзодларни саралаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси жорий этилади:
“Эл-юрт умиди” стипендияси ғолиблари очиқ танлов асосида тест синовлари
ва суҳбат ўтказиш орқали аниқланади;
тест синовларида номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва креативлик қобилиятлари, психологик барқарорлиги баҳоланади.
Бакалавриат бўйича ҳамда магистратура ва докторантура бўйича халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра:
биринчи 100 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига қабул қилинган номзодларга халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
биринчи 20 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) камида 50 фоиз қопланадиган грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчиларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади.