Янги талаб, чеклов ва солиқлар: Онлайн платформалар тўғрисидаги қонун лойиҳасида фойдаланувчилар ва блогерлар учун қандай ўзгаришлар бор?

13.05.2025 11:13

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан тайёрланган «Онлайн платформа ва сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг сайтларига нисбатан татбиқ этилмайди — улар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

АОКА асослантириши

2017 йилдан 2025 йилгача Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллион кишига ошган. «Интернет ва ижтимоий тармоқлар фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тезкор қондириш, жамиятдаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишда муҳим воситага айланган, дейилади АОКА изоҳида.

Мамлакатдаги энг оммабоп платформалар бўлган Telegram’да 28 млн, Odnoklassniki’да 19,2 млн, Facebook’да 2,3 млн, ВКонтакте’да 1,5 млн, LinkedIn’да 850 минг, X’да (собиқ Twitter) 250 минг фойдаланувчи бор.

«Бугунги кунда онлайн платформалар фойдаланувчилари қандай ҳуқуқларга эгалиги борасида қонунчиликда аниқ нормалар мавжуд эмас, ахборот тарқатишга оид талаблар эса миллий қонунчиликда тизимли ва етарли даражада тартибга солинмаган, тарқоқ ҳолда белгиланган», — дейилади агентлик изоҳида.

АОКА интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ривожланган давлатлар амалиётларидан мисоллар келтиради: Европа Иттифоқи «Рақамли хизматлар тўғрисида»ги қонуни орқали онлайн платформалар учун юқори стандартларни жорий этди. Германияда 2 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга платформаларга ноқонуний контентни 24 соат ичида ўчириш мажбурияти юкланган. Франция интернетда нафрат, терроризм ва болалар порнографиясига қарши қатъий чоралар кўришни, Туркия хорижий IT компанияларга маҳаллий вакил тайинлашни талаб этган. Қозоғистон блогерлар ва платформалар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асосни шакллантирди.

Хабарда қайд этилишича, қонун лойиҳаси интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ва соҳадаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.

Асосий тушунчалар

Қонун лойиҳасида бир қатор янги тушунчалар, жумладан, «блогер» (ахборот технологиялари тўғрисидаги амалдаги қонунда блогер деганда интернетда очиқ маълумотни эълон қилувчи ҳар қандай шахс тушунилади), «инфлюенcер» (10 мингдан ортиқ обуначига эга блогер), «онлайн платформа», «онлайн платформадаги оммавий ҳамжамият», «ёлғон ахборот», «оммавий ҳамжамиятнинг модератори», «спам ресурс», «фишинг ресурси» каби тушунчалар киритилган.

«Онлайн платформа»нинг таърифи — фойдаланувчи ўзи яратган аккаунт ёки оммавий ҳамжамият орқали контентни қабул қилиш, ишлаб чиқариш ва (ёки) ишлов бериш ва (ёки) жойлаштириш ва (ёки) тарқатиш ва (ёки) сақлаш учун мўлжалланган, интернет бўйлаб ишлайдиган, ахборот ресурсларидан ташкил топган ахборот тизими ёки тезкор хабарлар алмашиш сервиси, бундан молиявий хизматлар, электрон тижорат, ички корпоратив хабар алмашиш сервислари, электрон почта, онлайн телевидение, контентни фақат онлайн сақлаш хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган интернет бўйлаб ишлайдиган ахборот тизимлари мустасно.

Оддий қилиб айтганда, онлайн платформа — бу интернетдаги веб-сайт ёки иловадир (жумладан мессенжерлар ҳам). Уларда фойдаланувчилар аккаунт очиб, турли контентларни (масалан, матн, фото, видео) жойлаштириши, сақлаши ва бошқалар билан бўлишиши мумкин. Бундай платформаларга Facebook, Telegram, X (собиқ Twitter), Instagram каби сервислар киради. Фақат бу таъриф молиявий операциялар учун ишлатиладиган хизматларга, интернет дўконларга, корхона ичидаги хабар алмашувларга, электрон почта, онлайн телевидение ёки файлларни сақлаш учун мўлжалланган хизматларга тааллуқли эмас.

«Блогер» тушунчасини ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни, шу жумладан, онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси) сифатида кўриш таклиф этилмоқда.

Онлайн платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ўн мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогерни инфлюенcер, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёлғон ахборот деб ҳақиқатга мос келмайдиган, шахслар, ашёлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида фактларнинг бузиб кўрсатадиган, нотўғри таассурот уйғотадиган ҳар қандай шаклда қайд этилган маълумот сифатида тушунилиши таклиф этилмоқда. Бундай маълумот ҳар қандай шаклда қайд этилган бўлиши мумкин. Аммо «нотўғри таассуротни қандай аниқлаш мумкинлиги» аниқ белгиланмаган.

Ноқонуний контент

Ҳужжат лойиҳасига кўра, қуйидагилар ноқонуний контент ҳисобланади:

амалдаги конституциявий тузумни, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга чақириқларни ўз ичига олган маълумотлар;
оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек, мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган маълумотлар;
жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот;
уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек экстремизм, сепаратизм ғоялари, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзлари;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этувчи маълумотлар;
жамиятга, давлатга, шу жумладан, давлат рамзларига ҳурматсизликни кўрсатувчи номақбул шаклда ифодаланган маълумотлар;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташвиқот қилувчи маълумотлар;
фишинг ва спам ресусрларга ҳаволаларни ўз ичига олган маълумотлар.

Онлайн платформалар

Ўзбекистонда фаолият юритаётган онлайн платформаларда фойдаланувчилар сонини аниқлаш, фойдаланувчиларнинг шикоят бериши ва унинг қабул қилинганини автоматик равишда тасдиқлаш, онлайн платформа мулкдорининг контентни ўчириш ҳақидаги қарори бўйича низолашиш имконини берадиган тарзда шикоятларни қайта ишлаш, фойдаланувчилари томонидан онлайн платформада уларни қизиқтирмайдиган контентни кўрсатишни чеклаш функсиялари бўлиши керак.

Онлайн платформанинг тавсия тизимида ишлатиладиган параметрлар фойдаланувчи шартномасида (келишувида) тавсифланиши керак. Платформанинг тавсия тизими фойдаланувчига профиллашдан фойдаланмасдан контентни олиш имкониятини бериши керак.

Ҳужжатга кўра, онлайн платформа мулкдори Фуқаролик кодексига мувофиқ, АОКА билан ўзаро алоқалар учун ўз вакилини белгилаши шарт.

Бундан ташқари, инсон ҳаёти ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи вазият тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган аниқланган контент бўйича ушбу «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тезкор ҳамкорлик алоқаларини сақлаб туриш» талаб этилади.

Инсон ҳаёти ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи вазият тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган контент бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган ахборот қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

контентнинг тавсифи ва (ёки) тасвири (агар мавжуд бўлса);
контентнинг жойлаштирилган вақти, вақтни аниқлаш учун фойдаланилган соат минтақасини кўрсатган ҳолда;
контентни жойлаштирган онлайн платформа фойдаланувчиси номи, онлайн платформага кириш учун ишлатилган IP-манзил ва қурилма номланиши, шу жумладан, вақтни аниқлаш учун ишлатилган соат минтақасини кўрсатган ҳолда охирги кириш вақти.
Ахборот тақдим этиш электрон шаклда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан онлайн платформа мулкдорига расмий равишда тақдим этилган махсус алоқа каналлари ёки махсус тасдиқланган аккаунт орқали амалга оширилиши керак.

Ноқонуний контентга жавоб чоралари

Ваколатли орган ноқонуний контент аниқлангандан кейин 24 соат ичида веб-сайт эгасига ёки онлайн платформа фойдаланувчисига ёхуд оммавий ҳамжамият модераторига ноқонуний контентни ўчириш, тарқатишни тўхтатиш тўғрисида хулосага асосан кўрсатма юборади. Агар сайт эгаси кўрсатмани бажармаса ёки эгасининг шахсини аниқлашнинг иложи бўлмаса, Ўзбекистон ҳудудида ушбу сайтга кириш чекланиши мумкин.

Агар онлайн платформа фойдаланувчиси ёки жамоат бирлашмаси модератори кўрсатмани эътиборсиз қолдирса, ваколатли орган онлайн платформа эгасига ва/ёки унинг вакилига 24 соат ичида ноқонуний контентни ўчириш тўғрисида тақдимнома юборади.

Агар онлайн платформа фойдаланувчиси ёки жамоат ҳамжамиятининг модератори мунтазам равишда (йил давомида уч мартадан ортиқ) кўрсатмаларга эътибор бермаса, аккаунт ёки жамоат ҳамжамиятининг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти олти ойгача муддатга тўхтатилиши мумкин.

Онлайн платформа эгаси ва/ёки унинг вакили томонидан тақдимномалар қаноатлантирилмаган тақдирда ваколатли орган ноқонуний контентни ўчириш ёки фойдаланувчисининг аккаунти ёки оммавий ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги фаолиятини олти ойгача тўхтатиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ноқонуний контент сайтнинг бир ёки бир нечта саҳифаларида тарқатилган бўлса ҳам, сайтга кириш бутунлай чекланади. Махсус ваколатли орган ушбу сайтга кириш чеклангани, чеклаш асослари тўғрисидаги ахборот хабари ва ваколатли орган билан боғланиш учун алоқа маълумотларини сайтга кирмоқчи бўлганда кўринадиган тарзда жойлаштиради.

Онлайн платформа эгаси ва/ёки унинг вакили суд қарорларини мунтазам равишда бажармаган тақдирда, ваколатли орган Ўзбекистон ҳудудида онлайн платформадан фойдаланиш тезлигини пасайтириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Онлайн платформа эгаси ва/ёки унинг вакили, сайт эгаси ва онлайн платформа фойдаланувчиси ваколатли органнинг буйруқлари ва тақдимномалари устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ёлғон ахборотдан ҳимоя қилиш

Ҳужжатда ёлғон ахборотга қарши ҳимоя механизми белгиланган. Ёлғон маълумотлар ушбу шахслар ҳақида жойлаштирилган фойдаланувчилар, уларни бевосита ёки ваколатли орган орқали ўчиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга, агар бу рад этилса — судга мурожаат қилишлари мумкин.

Онлайн платформа ёки сайтда ўзи ҳақида ёлғон ахборот тарқатилган жисмоний ёки юридик шахс (уларнинг вакиллари) сайт эгаси ёки оммавий ҳамжамият модераторига ёхуд онлайн-платформанинг мулкдори ва (ёки) унинг вакилига асослантирилган маълумотлар ёки суд қарорини тақдим этган ҳолда бевосита ўзи ёки ваколатли орган орқали ёлғон ахборотни ўчириш талаби билан мурожаат қилишга ҳақли.

Инфлюенсерлар масъулияти

Ҳужжат блогерлар, инфлюенсерлар ва сайт эгаларига рақамли макондаги ҳуқуқлар ва вазифаларни чуқур ва аниқ тавсифлайди, шунингдек, катта аудиторияга эга инфлюенсерларга махсус талаблар киритади.

Хусусан, фойдаланувчилар аккаунт ва оммавий ҳамжамият очиш, фикрни эркин ифода этиш,контентни тайёрлаш, олиш ва тарқатиш, интернетдаги фаолиятидан даромад олиш, ўз ҳуқуқларига риоя этилишини, жумладан, асоссиз блокировкадан ҳимоя қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Улар платформалар томонидан юкланган хизматлардан воз кечиши ва кераксиз контентнинг намойишини чеклаши мумкин.

Шу билан бирга, фойдаланувчилар ва блогерлар қонунчиликка амал қилиши, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаън ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, ноқонуний контентни тарқатмаслиги ва аниқланганда уларни ўчириб ташлашлари шарт. Ҳомийлик маблағларини йиғишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиши керак.

Инфлюенсерлар ва сайт эгалари учун талаблар қаттиқроқ. Улар эълон қилинган маълумотларнинг тўғрилигини текширишлари, шарҳларни назорат қилишлари ва қонунга зид контентни олиб ташлашлари, жабрланувчиларнинг илтимосига биноан раддиялар эълон қилишлари ҳамда прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилмасликлари, суд ҳукми чиқарилмагунча муайян иш натижаларини олдиндан эълон қилмасликлари ёки бошқа усуллар орқали судга таъсир ўтказмасликлари шарт.

Улар ўзининг реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда солиқларни ўз вақтида тўлаши, мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштириши шарт.

Шунингдек, уларга ёлғон ахборот тарқатилган ҳолларда уни ўчириш ёки фуқаролар, юридик шахслар ва давлат органларининг мурожаатлари асосида ёлғон ахборот мавжуд бўлган дастлаб жойлаштирилган контентга ушбу контент ёлғон эканлигини кўрсатувчи махсус ахборот белгисини қўйиш мажбуриятини юклаш таклиф этилмоқда.

Ушбу талабларни бузганлик учун ваколатли орган 10 кунгача бўлган муддатга расмий кўрсатма бериши мумкин. Агар эътибор берилмаса, аккаунт ёки ҳамжамият 6 ойгача тўхтатилиши мумкин. Қоидабузарлик ҳолатларида сайт эгалари Ўзбекистонда ўз ресурсига киришда чекловларга дуч келишлари мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар учун мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун маълумотларни жойлаштирмаган инфлюенсерлар ва сайт эгаларининг реклама бериши тақиқланади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 майга қадар давом этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар