Эрта тонгдан оилам, бола-чақамни боқаман деб йўлга чиқсангиз-у, бирдан фалокат рўй берса, камига ўша фалокат доимий иш соатидан ташқарида, мажбурий иш кунида содир бўлса.
Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги пайтларда, иш вақтида ножўя ҳодиса рўй бериши, эрта ўлим ҳолатлари кўп кузатиляпти.
Биргина 2024 йилда иш вақтида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 261 киши ҳалок бўлган. Бу ҳазилакам рақамлар эмас. 261 та оила ўз яқинини йўқотган, кимдир фарзанд доғида куйган бўлса, қайсидир бола етим бўлиб қолди.
Аксарият ҳолатларда бахтсиз ҳодисалар айрим хатоликлардан эмас, тизимли бепарволик, қонунларга амал қилмаслик оқибатида рўй бермоқда.
2024 йил 1 май куни 1998 йилда туғилган компьютер тармоғи муҳандиси М.С. Университет ва Салар кўчалари чорраҳасида ишлаётиб, қурбон бўлган. У 6,5 метр баландликда электр симларини улаш жараёнида ҳаво электр узатиш тармоғига тегиб кетган ва жароҳат сабаб оламдан ўтган.
Бу иш вақтими? Мажбурий топшириқми? Шу пайтга қадар ўз ишини виждонан бажараётган йигитнинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш учун комиссия тузилди, аммо бундай комиссиялар кўп ҳолларда сабаблардан кўра оқибатни ўрганади, холос.
Навбатдан ташқари семинарлар, мажлислар ва кун тартибига сиғмайдиган ҳужжатлар туфайли ходимлар ҳатто якшанба куни ҳам ишлашга мажбур бўлишмоқда. Дам олишга вақт топилмаяпти, уйқу етишмовчилиги эса диққатни сусайтиради, натижада хатоликлар фожиа билан якун топади. Навоийда икки нафар ёш раҳбар кадрнинг дам олиш куни хизмат машинасида йўл-транспорт ҳодисасига учраб ҳалок бўлгани бунга яққол мисол бўла олади.
2025 йил 3 май куни Навоий вилоятида 3 нафар ёшлар етакчиси автоҳалокатга учрашган. Оқибатда, Кармана туманининг "Фарҳод" ва "Баҳром" маҳаллалари етакчилари вафот этгани, учинчи йигит эса шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти етакчиси Хайрулла Қилич ўз фейсбук саҳифасида улар шанба дам олиш куни бўлишига қарамасдан, раҳбарият топшириғи билан йўлга чиққанини келтирган.
"Қачон хокимият тизимлари мехнат қонунчилигига риоя этадиган бўлишади, келажакдан умидвор ёш кадрлар қайсидир рахбарнинг буйруғини бажариш вақтида ўлиб кетмайдиган бўлади. Кармана туманида содир бўлган ушбу мудхиш ходиса айбдорлари қонуний жавобгарликка тортилишига ишонмасакда, умид қилишдан чарчамаймиз. Навоий вилояти рахбариятининг холат бўйича расмий муносабатини кутиб қоламиз", дея вилоят раҳбариятига мурожаат қилган Хайрулла Қилич.
Ёшлар ишлари агентлиги раиси Алишер Саъдуллаев эса вафот этган етакчиларнинг яқинларига таъзия билдирар экан, юқоридаги хабарлар бўйича саволларга, улар Тўдакўлга бормоқчи бўлиб, йўлда автоҳалокатга учрагани, ҳеч ким у ерга чақирмагани ва юбормаганини айтиб жавоб қайтарган.
Ушбу бахтсиз ҳодиса бир неча нафар инсоннинг ҳалок бўлиши билан бирга, раҳбарларнинг меҳнат қонунчилигини менсимаслик муаммосини ҳам очиб берди. Дам олиш куни йўл-йўриқсиз сафарга чиқиш, хизмат машинасисиз ҳаракатланиш, хавфсизлик чораларининг кўрилмагани - буларнинг барчаси одам ҳаёти арзон кўрилаётганининг белгиси.
Бу шунчаки бахтсиз ҳодиса эмас, балки тизимдаги бетартиблик, инсон саломатлигига бўлган бефарқликнинг фожиали оқибатидир.
Бугун жавобгарлик белгиланмаса, шубхасиз эртага бундай фожиалар сони ортса ортадики, камаймайди.
2024 йил 15 январ куни Тошкент вилоятининг икки туманида бахтсиз ҳодиса рўй берди, оқибатда икки инсон ҳаётдан кўз юмди. Тошкент туманида қурувчи K.B. 10-qavatdan йиқилиб ҳалок бўлган ва Қуйичирчиқ туманида тарбиячи ёрдамчиси Х.З. ток уришидан вафот этган. Бу ўлимлар ҳақида эшитарканмиз, ҳақли бир савол пайдо бўлди. Ишчилар нега меҳнат хавфсизлигига амал қилишмаяпти ?
Қурилишда ишлаётган ходим нега баландликда ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз ҳаракатланади? Нега электр энергияси билан боғлиқ жойларда ишчилар оддий техник кўрсатмалар ёки изоляцияланган воситалар билан таъминланмаган?
Бу ҳолатлар шуни кўрсатадики, иш берувчилар учун ходимнинг ҳаёти эмас, вазифанинг вақтида бажарилиши муҳимроқ.
Аслида, иш жойларида деворда осилган хавфсизлик техникаси йўриқномалари шунчаки қоидалар тўплами эмас, инсон ҳаётини сақлаб қоладиган реал механизм бўлиши керак.
Бу ва бундан олдинги ҳодисаларга бир назар ташласангиз, ҳар сафар бахтсиз ҳодиса рўй бергач, расмийлар "текширув бошланди" деган гап билан "қутулиб қолишга" уринишади, аммо сира тизимли ўзгаришлар кўзга ташланмайди.
Шу сабаб, бу икки фожиавий ҳолатни оддий статистик маълумот эмас, балки хушёр бўлиш кераклиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилиш зарур. Чунки, эртага ўша қурувчи ёки тарбиячининг фожиали қисматига тақдирдош одамлар сони ортиши мумкин. Тизим эса бу фожиалардан сабоқ чиқаришга мажбурдир.
Шу ўринда яна бир статистикага тўхталиб ўтиш лозим. Статистикага кўра, ўтган йил давомида меҳнат жараёни билан боғлиқ 868 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Шундан, 127 та ҳолат давлат ташкилотларида, қолган 741 таси хусусий секторда кузатилган.
Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 976 киши жароҳатланган. Шундан, 30 нафари енгил, 685 нафари оғир тан жароҳати олган.
Хўш нега давлат ташкилотлари билан солиштирганда хусусий секторда учраётган бахтсиз ҳодисалар қарийб 6 баравар кўп? Бунинг сабаби нимада?
Кўплаб хусусий ташкилотлар меҳнат хавфсизлиги талабларини бажаришни харажат сифатида кўради. Улар учун даромад биринчи ўринда туради, инсон ҳаёти эса, иккинчи, ҳатто учинчи планда қолмоқда. Бу ҳолат “ҳимоя воситалари, техника назорати, хавфсизлик йўриқномалари” каби муҳим жиҳатларнинг эътибордан четда қолишига олиб келмоқда.
Қолаверса, кўп ҳолларда бу ташкилотлар ходимларни расмий шартнома асосида ишга олмайди, суғурталамайди, тиббий кўрикдан ўтказмайди. Шу сабаб, иш вақтида содир бўлган фалокатлар бўйича жавобгарликни рад этиш, айбни ишчининг ўзига ағдариш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу ерда гап шунчаки рақамларда эмас, балки ҳар бир рақам ортида бир оиланинг фожиаси турибди.
Шу нуқтада давлат органларининг назорати кучайтирилмаса, хусусий секторлар меҳнат қонунчилиги билан эмас, фойда ва иқтисодий манфаат қонунлари билан бошқарилиши давом этаверади. Энди статистиканинг давомига қайтсак, ҳалок бўлган ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 3 млрд сўмдан ортиқ товон пулларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган ва ундириб берилган.
2024 йилда иш вақтида ҳалок бўлган 261 нафар фуқаронинг оила аъзоларига жами 3 миллиард сўмдан ортиқ товон пули тўлаб берилгани айтилмоқда. Бу рақам бир оила ҳисобига ўртача 11–12 миллион сўмга тўғри келади.
Аммо ўринли савол пайдо бўлди: бу маблағ инсон ҳаётининг ўрнини боса оладими?
Биргина дафн маросими, қарзлардан чиқиш, болаларни боқиш ва келажак режалари пучга чиққан бир оиланинг эҳтиёжларини бу миқдор қопламайди. Аксинча, бу рақамлар бахтсиз ҳодисалар оқибатларини ҳисоб-китоб билан ёпишга уринишдек кўринмоқда.
Шунингдек, товон пулларининг аксарияти суд орқали ундирилмоқда, бу эса оила аъзолари учун ортиқча стресс, вақт ва харажат дегани. Демак, асл муаммо нафақат товон пулларининг озлигида, балки бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдаги суст назоратда ва инсон ҳаётига нисбатан лоқайд муносабатда.
Хўш, бундай лоқайдликларга чора кўрилмайдими?
Албатта, кўрилиши керак. Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида (Меҳнат кодекси асосида) иш берувчи ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи учун тўлиқ жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Яъни, иш жойи хавфсиз бўлиши керак, ходим олдиндан ўқитилиши, техника хавфсизлиги билан таништирилиши, ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт. Аммо кўпчилик раҳбарлар учун бу фақат қоғоздаги гап.
Германия, Франция, Япония ва Нидерландия каби мамлакатлар ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда илғор тажрибаларга эга. Германияда меҳнат хавфсизлиги ва ортиқча ишлашни камайтириш учун қатъий қонунлар мавжуд. Францияда ҳафталик иш вақти 35 соатдан ошмаслиги керак, ортиқча ишлашга эса қўшимча ҳақ тўланади. Япония меҳнат хавфсизлигини таъминлаш борасида юқори технологияларни жорий қилган, шунингдек ортиқча ишлаш туфайли ўлим ҳолатларини камайтириш учун қонунлар ишлаб чиқилган.
Нидерландияда эса ҳафталик иш вақти 40 соатдан ошмаслиги керак ва ортиқча ишлаш фақат ишчининг розилиги билан амалга оширилади.
Қозоғистон эса 2023 йилдан 4 кунлик иш ҳафтасини синаб кўришга қарор қилди ва 2024 йилга келиб бу модел ишчиларнинг саломатлигини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида жорий этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда эса ҳали-ҳамон иш вақтида бахтсиз ҳодиса содир бўлса, комиссия тузилади, ҳисобот ёзилади. Баъзан товон пули берилади. Аммо асл айбдорлар жазодан қутилиб қолаверади. Чунки тизимда жазоловдан кўра “ишни ёпти-ёпти ” қилиш анча осонроқ.
Шу боис, бу каби фожеаларга аввало жамият кўз юммаслиги лозим. Акс ҳолда, “ишга кетиб, қайтиб келмаганлар” рўйхати яна кенгаяверади.