Ўзбекистонликларнинг даромади ўсиши секинлашди

07.05.2025 19:01

2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 222,4 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.

Ҳисобот даврида аҳоли даромадларининг номинал кўринишдаги ўсиши 20,9 фоизни, реал ўсиш суръати эса 9,8 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич мос равишда 20,8 ва 11,5 фоиз бўлганди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса номинал қийматда 18,5 фоизга (2024 йилнинг I чорагида – 18,2 фоиз), реал кўринишда 7,6 фоизга (9,2 фоиз) кўпайди. Натижада 2025 йилнинг дастлабки 3 ойида аҳоли жон бошига ўртача даромад 5,9 млн сўмга етган.

Ҳудудлар кесимида даромадларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (15 млн 859 минг сўм), Навоий (9 млн 452 минг сўм), Бухоро (6 млн 364 минг сўм) ва Тошкент (6 млн 164 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва 3 та вилоятда аҳоли жон бошига умумий даромадлар республикадаги умумий кўрсаткичдан баланд бўлган.

Бу борадаги энг қуйи кўрсаткичлар Наманган (3 млн 966 минг сўм) ва Сурхондарё (4 млн 78 минг сўм) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (4 млн 117 минг сўм) қайд этилган.

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона (14,5 фоиз) ва Навоий вилояти (10,1 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (9,8 фоиз) кузатилган. Жиззах (2,9 фоиз), Тошкент (3,3 фоиз) ва Сирдарё вилоятларида (3,4 фоиз) аҳолининг реал даромадлари жуда кам миқдорда ўсган.

Аҳолининг умумий даромадлари таркиби қандай?

Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадларининг катта қисми ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни ўз ичига олган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлардан (жами аҳоли умумий даромадларининг 57,7 фоизи) шаклланган. Аҳоли умумий даромадлари таркибида шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадларнинг улуши 7,7 фоиз, мол-мулкдан олинган даромадларнинг улуши 4,7 фоиз, трансфертлардан олинган даромадлар улуши 29,9 фоизни ташкил қилган.

Трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши Андижон, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлса, Навоий вилоятида мазкур даромад турининг улуши энг паст – 13,9 фоиз бўлган.

Хусусан, аҳолининг умумий даромадларида (бошқа жорий трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) хориждан пул ўтказмаларининг улуши 15,8 фоиздан 19,5 фоизгача ошган.

Пул ўтказмаларига энг катта боғлиқлик Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида кузатилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар