Рус тилидаги ёзувни бориб Россиянгдан қидирасан — Россия ТИВ вазирининг сўзларига жавоб

24.04.2025 11:42



Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанддаги “Мотамсаро она” ёдгорлигида рус тилидаги ёзув йўқлигига эътибор қаратди. Ёдгорликдаги ҳалок бўлган аскарларга бағишланган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган. “Бу ерда инглиз тилида ёзув бор, лекин русчасини кўрмадим. Она — бу энг муқаддас зот”, деган Лавров экскурсоводга.

Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин

Лавровнинг ушбу сўзлари жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлиб, улар кескин жавоб қайтаришмоқда. 

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин, дея Россия ТИВ вазирига жавоб қайтарган. 

“Ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлайди. Хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотади. Қолаверса, ҳурмат талаб қилинмайди — у сингади.

П.С. Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”.

Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёж

“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини таъкидлаган

“Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қиладилар? 

Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас”, дея ёзган Алишер Қодиров.

Биз уларнинг колонияси эмасмиз!

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ҳам ушбу ҳолат бўйича фикрларини билдириб ўтди. 

“Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро биз уларнинг колонияси эмасмиз!

Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли. 

Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади? Нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туради?

Сергей Лавров келиб, бизга “она тимсоли — муқаддас” эканини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга “инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас” эканлигини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак.

Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади” дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Меҳмонмисан?  Иззатингни бил! 

Журналист Ҳамза Жумаев эса ҳолатга улар Ўзбекистон билан муносабатларда асл юзини очиб қўйяпти, дея муносабат билдирган.

“Россия ташқи ишлар вазири Самарқанддаги она ҳайкали пойида рус тилида ёзув йўқлигини айтибди. Бу амалдорни жуда катта тажрибага эга,  кучли дипломат,  деб ўйлардим.  Лекин,  у ва ҳамкасблари Ўзбекистон билан муносабатларда асл юзини очиб қўйяпти.  

Бу биз учун бир томондан яхши.  Ҳар ҳолда позициясини билиб оламиз.  Лекин, бизни ҳалиям ўзига қайсидир жиҳатдан тобе деб ўйлагани ёмон. Она муқаддас зот,  деганмиш Лавров.  Қаранг-а,  шуни биз билмай юрган эканмиз да. Умуман,  давлат сифатида қайси тилдан фойдаланишни ўзимиз ҳал қиламиз.  Ҳа тарихда уларнинг мустамлакаси бўлганмиз.  Лекин у энди ўтган давр.  Доно сиёсатчи,  ақлли дипломат ўтмиш асоратлари таъсирида эмас,  айни пайтдаги даража ва келажак мақсадларга асосланиб иш қилиши керак. Бу Россиянинг ўзига ҳам яхши.  Агар ўтмишга қараб иш қилсак,  биз ҳам Амир Темур босиб олган рус ерларининг туркий номларини қайтаришни сўрашимиз мумкин.  

Биз меҳмондўст халқмиз,  меҳмоннинг иззати биз учун олий қадрият.  Лекин,  меҳмон ҳам ўз ҳаддини билиши керак. Бугун Россия биз билан стратегик ҳамкор.  Ҳамкорлик эса тенгликка қурилади.  Стратегик ҳамкорлик томонларнинг ҳеч бирига устунлик бермайди”.

Энди бир ками сенга ҳисоб беришимиз қолувди

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўз позициясини намойиш қилди.

“Энди бир ками сенга ҳисоб беришимиз қолувди. Рус тилидаги ёзувни бориб Россиянгдан қидирасан.

Россия мулозимининг гапларини мен дипломатик безбетлик, деб қабул қилдим. Ҳеч бўлмаса, таклиф сифатида “рус тилида ҳам матн бўлса, хурсанд бўлардик” деса ҳам майли экан. Худди “юқоридан” текширувчи келгандек, “қани русчаси?” деб сўроққа тутишига ўлайми.

Ишқилиб, бизникилар шоша-пиша русча матн қўйишмайди, деган умиддаман. Ўзбекча ва инглизча матн жуда тўғри қарор бўлган. Ўзгартириш шарт эмас, менимча”, дейди Хушнудбек.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар