Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил 103 та давлат ташкилотининг 2024 йилдаги фаолияти 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳолашдан ўтказилди (https://aca.uz/uz/article/korrupciiaga-qarsi-kurasis-millii-kengasining-kengaitirilgan-iigilisidagi-prezident-topsiriqlari-izrosi-amda-2024-iildagi-korrupciiaga-qarsi-kurasis-islari-samaradorligini-reiting-baolas-natizalari). Шундан 14 та давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 89 таси эса такроран баҳоланди.
Натижаларга кўра, 41 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 53 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 9 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифага ажратилди.
Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 73,8 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 4,9 баллга (95 та давлат ташкилотлари томонидан ўртача 68,9 баллни ташкил этган), 2022 йилга нисбатан эса 14,3 баллга (62 та давлат ташкилотлари томонидан 59,5 балл) яхшиланган.
Шунингдек, ижобий натижа қайд этган давлат ташкилотларида коррупциянинг олдини олишда самарали механизмларнинг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида коррупцияга оид жиноятлар сони камайишига эришилган.
Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилга нисбатан Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида коррупциявий жиноятлар сони 71,4 %га, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 47,8 %га, ҳокимликларда 43,2 %га, тижорат банкларида 31,9 %га, Адлия вазирлиги тизимида 21,9 %га, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида 8,3 %га камайган.
2023 йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” деб топилган 13 та давлат ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Агентлик билан ҳамкорликда амалга оширилган манзилли чора-тадбирлар натижасида уларнинг фаолиятида ҳам ижобий ўсиш кузатилди.
Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги – 85 балл (2023 йилда – 10 балл), “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ – 83 балл (28 балл), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги – 82 балл (50 балл), Маданий мерос агентлиги – 82 балл (22 балл), Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – 78 балл (5 балл), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – 72 балл (18 балл) билан ижобий натижа қайд этган.
Шунингдек, “Ўзбеккўмир” АЖ (48 балл) ўтган йили ижобий натижа (2023 йилда – 60 балл) қайд этган бўлса, жорий йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” тоифадан жой олди. Бундан ташқари, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолияти 9 балл билан (2023 йилда – 16 балл) кетма-кет икки йил давомида “қониқарсиз” деб баҳоланди.
Рейтинг баҳолаш тизимида энг юқори натижа “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (96 балл), Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (95 балл), Марказий банк (94 балл), Солиқ қўмитаси, (92 балл), “Ўзбекнефтгаз” ва “Uzbekistan Airports” АЖлари (92 балл), Рақамли технологиялар ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари (91 балл) томонидан қайд этилди.