Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик керак — Шавкат Мирзиёев

07.04.2025 11:49

Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида нутқ сўзлади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Шавкат Мирзиёев бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барча учун асосий вазифа эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини билдирди:

"Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради.

Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир" — Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, қўшни давлат Афғонистон ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. "Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз" , — дейди президент.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари дунё миқёсида тез ривожланаётган сунъий интеллектни самарали тартибга солиш мақсадида, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқишни таклиф қилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар