Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 2024 йилдаги тезкор-назорат тадбирлари давомида табиий газ ва электр энергиясининг талон-торожи билан боғлиқ 1 200 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. АОКАда ўтказилган брифингда айтилишича, уларда 600 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган.
Бош прокуратура департаменти йил давомида 1392 та алкоголь ва тамаки маҳсулоти ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бунда 65 миллиард сўмлик спирт, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосининг олди олинди.
Шу билан бирга, тамакининг ноқонуний айланмаси 22 фоиздан 9 фоизга, алкоголь маҳсулотларининг яширин айланмаси эса 35 фоиздан 18 фоизга камайди. Натижада тамакининг акциз солиғи тушуми 31 фоизга ошди.
Фармацевтика соҳасида ҳам қатор ҳуқуқбузарликлар фош қилинди. 387 та жиноят аниқланиб, 38,5 миллиард сўмлик сифатсиз препаратлар ва тиббий буюмлар олиб қўйилди.
Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратилган чоралар натижасида 2,8 триллион сўмлик харажатлар мақбуллаштирилди, 3,1 триллион сўмлик нотўғри сарфланишнинг олди олинди.
Шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши курашишда уни келтириб чиқараётган омил ва сабабларини бартараф этиш йўналишлардан бири сифатида фаолият ташкил этилиб, 12 254 та тадбиркорлик субектига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди, давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётган 60 мингдан зиёд тадбиркорлар фаолиятига қонуний тус берилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ 190 та жиноятга барҳам берилди.
Солиқ ҳуқуқбузарлиги тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш ҳамда профилактика чоралари орқали жиноят ишлари қўзғатмасдан 15,3 млрд сўм солиқларнинг ихтиёрий равишда давлат бюджетига тўланиши таъминланди.
Бироқ, профилактика ҳамда қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган имкониятлардан фойдаланмаган ҳамда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлашни давом эттириш билан боғлиқ 1 625 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, 800 млрд сўмдан ортиқ солиқлар бюджетга ундирилди.