2023 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг қуёш панели ўрнатиш учун ўтказган тўртта йирик танловида ҳам фақат битта фирма ғолиб бўлган.
Тендерларнинг иккитаси март ойида эълон қилиниб, якунланган (турли саналарда). Қолган иккитаси бир хил санада бошланиб, бир санада якунланган.
Масаланинг қизиқ тарафи шундаки, барча танловларда битта "EZOZ DIZAYN"МЧЖ, (ИНН 304498374) ғолиб бўлган. Нархлар ҳам деярли бир хил. Энг арзони 1.626.000.000
1.626.000.000 / 150 = 10.840.000 сўмдан дегани.
Одатда, катта давлат харидларида бир нечта компания иштирок этади, лекин бу ерда битта компания ҳамма тендерни ютган.
Шунингдек, агар бозорда қуёш панелларининг таннархи ўзгариб турса ҳам, ҳар бир тендерда нархнинг бир хил ёки яқин бўлиши шубҳа уйғотади. Бунда, тендерда сунъий равишда рақобат уюштирилмадимикан, деган савол пайдо бўлади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети сотиб олган қуёш панелларининг 1 кВт нархи 10.84 млн сўм. Ҳар бир лойиҳа учун ўрнатилган қувват 150 кВт. Умумий 4 та лойиҳа бўйича харажат: 6.517 миллиард сўм.
Бозордаги қуёш панелларининг эса, 1 кВт қуёш панели нархи 2.2–3 млн сўм (ўртача). 150 кВт қувватли тизим учун умумий нарх 330–450 млн сўм.
Университет ҳар бир 150 кВт тизим учун 1.626 миллиард сўм тўлаган. Бозорда шундай тизимнинг нархи 450 миллион сўм атрофида. Бундан келиб чиқадики, университетнинг харид нархи бозордагидан 3–4 баравар қиммат.
Қуёш панеллари кафолати одатда ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан белгиланади ва уларнинг ўртача муддати 10-25 йилни ташкил қилади. Қизиғи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети эълон қилган тендерда кафолат муддати бир йил қилиб кўрсатилган.
Аммо, қуёш панеллари ва уларнинг тизимларига узоқ муддатли кафолатлар берилиши улар сифатли ва ишончли бўлишини таъминлаш учун муҳимдир. Бир йиллик кафолат фақат бошланғич текширув ёки тизимни ўрнатиш билан чекланади, лекин узоқ муддатли ишлаш кафолати кутилган бўлиши керак.
Шунингдек, шартномаларнинг умумий қиймати – 6.5 млрд сўмдан ошиқ маблағ битта компанияга берилган. Шу даражада йирик шартномаларда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви бўлмадими, танловда ўзи бошқа компаниялар қатнашганми, деган савол туғдиради.