21 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади (https://e-qaror.gov.uz/doc/2215863). Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи тузилди. Шаҳарда миллийликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Миллий Тошкент» лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Шаҳар ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш;
корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни ташкил этиш;
оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқеини мустаҳкамланишини таъминлаш;
миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;
мавзуга оид ўқув-семинарлари, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
қарорнинг бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириш.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар, туман ҳокимликлари:
мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда тарғибот — миллий либослар ва миллийликнинг ижобий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган маърифий, маданий, ахборот ва реклама тадбирларини амалга ошириш;
миллий либосларда юришни, миллийликни тарғиб қилишни ва миллий маданиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларни кўриши;
давлат ва жамоат ташкилотлари ёки хусусий секторлар томонидан ўтказиладиган маданий, спорт, маърифий ҳамда бошқа турдаги тадбирларга аҳолининг кенг қатламлари жалб қилиши белгиланди.
Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари, бошқарма ва муассасаларда ҳафтанинг ҳар жума куни «Миллий либослар куни» деб белгиланади. Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳокимликлар қошидаги бошқарма, ташкилот ва бўлимлар, бошқа давлат органлари ва муассасалари ходимлари иш кунларида миллий либосларда юриши тавсия этилади (тасдиқланган хизмат кийимлари бундан мустасно).
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, Тошкент шаҳар маданият бошқармасига қуйидагилар топширилди:
шаҳар миқёсида ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар (байрамлар, фестиваллар, кўргазмалар, спорт мусобақалари, концертлар ва бошқалар) миллий услубда безатилишини ҳамда иштирокчиларнинг миллий либосларда бўлишини таъминлаш;
оммавий тадбирларда энг яхши миллий либослар намойиши, миллий ўйинлар, миллий рақс ва қўшиқлар танловлари ўтказилиб, ғолибларга совғалар ҳамда дипломлар бериб борилишини ташкил этиш.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султановага, Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими ва ҳокимлик матбуот хизматига:
Ўзбек халқининг миллий қадриятларини тарғиб қилиш мақсадида телеканаллар, радиостанциялар, газета ва журналларда, ижтимоий тармоқларда махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар ва бошқа материаллар тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш;
миллийликни тарғиб қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган «Миллий либосларимиз барчага ярашади» шиори остидаги «Миллий тренд челленджи» бўйича тарғибот ишлари олиб бориш;
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқарма ва муассасалар ўртасида «Миллийликнинг энг яхши тарғиботчиси» танловини ташкил этиш;
бошқарма, муассаса ва ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида миллий либослар ҳамда миллийликни тарғиб қилувчи, фойдали маълумотлар, фотосуратлар, видеолар ва бошқа материаллар жойлаштириб бориш;
таълим муассасаларида миллий либослар тарихи, миллий ҳунармандчилик, ўзбек халқининг маданияти ва санъати бўйича маърузалар, семинар-тренинглар, кўргазмалар ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиб борилишини таъминлаш топширилди.
Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига:
миллий либослар дўконлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо ярмаркалари, миллий ресторанлар ва бошқа миллий услубдаги хизмат кўрсатиш обектларининг фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини;
миллий либослар тикиш ва дизайн бўйича ўқув марказлари ташкил этилиши, ҳунармандларнинг маҳоратини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилишини таъминлаш буюрилди.
Бундан ташқари қарор билан Тошкент шаҳрига келган сайёҳларга миллий қадриятлар ва ўзбек маданияти ҳақида батафсил маълумотлар берилишини ҳамда уларнинг миллий либосларда фотосуратга тушишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Туристик маршрутларга миллий услубда безатилган жойлар, миллий ҳунармандчилик устахона ва дўконлари киритилади. Меҳмонхоналарда, ресторанларда, туристик обектларида миллий либослар ва ўзбек маданиятига оид кўргазмалар, танловлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Тошкент шаҳрида тайёрланаётган миллий либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, уларнинг тарихи, дизайни ва тайёрланиш услублари тўғрисида маълумотлар базаси яратилади ҳамда бу базадан тадқиқотчилар, дизайнерлар ва миллий либосларга қизиқувчи аҳоли кенг фойдаланиши учун очиқ бўлади.
«Миллий Тошкент» лойиҳаси доирасида:
Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспортлари ҳамда транспорт карталарини миллийлик орнаментлари билан безатилади;
Тошкент шаҳрида мавжуд умумтаълим мактабларининг ҳар бирида намуна сифатида биттадан «Миллий ўзбек синфи»ни ташкил этилади;
Савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари, музейлар, кино ва театр биноларининг фасад ҳамда ички қисмини миллийлик руҳида безатилади;
«Тошкентда миллийлик трендда»шиори остида қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флашмоблар танловини эълон қилинади.