2024 йилда коррупцияга оид жиноятлар Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида энг кўп содир этилган

21.01.2025 20:02

 

Ўзбекистонда 2024 йилда жами 6 898 нафар шахс томонидан 5 716 та коррупцияга оид жиноят содир этилган. Бу ҳақда Коррупция қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилда жами 6 минг 898 нафар шахс томонидан 5 минг 716 та жиноят содир этилган. 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида эса ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.

Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида, Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган. Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.

Шунингдек, агентликка 2024 йил давомида жами 4 176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят маҳаллий ҳокимликларига 55 та сўровнома юборилган. Қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 19 та қабул қилинган қарорлар бекор этилган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Агентликка кўра, 327 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, натижаларига кўра 327 та лойиҳанинг 71 фоизида ёки 233 тасида 676 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари, давлат органларининг очиқлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича вазирлик ва идораларга 408 та тақдимнома киритилган.

Тақдимномалар натижасида хато ва камчиликларга йўл қўйган 85 нафар шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланди, 234 та ҳолатда жами 263,9 млрд сўмлик харидлар бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидлари ўтказилишининг олди олинди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 293 та материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, улар асосида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 28 та жиноят иши ва 104 та маъмурий иш қўзғатилди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 222,7 млрд сўмлик моддий зарарнинг давлат бюджетига қайтарилиши юзасидан қарорлар қабул қилинган.

Шунингдек, очиқликка оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар