2024 йилда газ 2,3 баробар, электр энергияси 1,7 баробар, чиқиндиларни йиғиш 54,7 фоиз, иссиқ сув 32,1 фоизга қимматлашган

03.01.2025 15:36

 

2024 йилда Ўзбекистонда инфляция 9,8 фоизни ташкил этди, дея хабар берди президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.

Бу Марказий банкнинг дастлабки (8−9 фоиз) ва янгиланган (9,5 фоиз) инфляция прогнозидан бироз юқори ҳисобланади. Кўрсаткич 2023 йилдаги инфляциядан (8,77 фоиз) юқори, лекин 2022 йил (12,25 фоиз) ва 2021 йилдагидан (9,98 фоиз) паст.

Декабрь ойида нархлар 1,04 фоизга ошди, бу камида беш йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Ўтган ойда озиқ-овқат нархлари ўртача 1,8 фоизга ошди (йиллик ҳисобда 2,4 фоизга). Ноозиқ-овқат товарлар 0,7 фоизга (7,7 фоиз), пулли хизматлар нархи эса 0,4 фоизга (26,7 фоиз) қимматлади.

Декабрь ойида нархлар ўсиши асосан (мева-сабзавотларни истисно қилганда) тухум (+19,5 фоиз), пахта ёғи (+9,2 фоиз) ва кунгабоқар ёғи (+6,1 фоиз) каби озиқ-овқат маҳсулотларида қайд этилди.

Статистика агентлиги кузатадиган савдо объектлари бўйича тухум нархларининг юқори чегараси декабрда 10 донаси учун 19−24 минг сўм чегарасида тебранган. 2024 йилда асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан ўсимлик ёғлари (+14,8 фоиз) ва гўшт (13,3−14,6 фоиз) нархи бошқа маҳсулотлар нархларига қараганда юқорироқ ўсган.

Декабрь ойида гуруч (2,3−2,4 фоиз оралиғида), 1-навли буғдой уни (-1,3 фоиз), гречка (-0,8 фоиз), оқ қанд (-0,7 фоиз) нархларида пасайиш кузатилди. Йил давомида гречка (-9,6 фоиз), гуруч ва гуруч оқшоғи (-6,3 фоиз), тухум (-7,3 фоиз), 1-навли буғдой уни (-5,7 фоиз), шакар (-3,7 фоиз) каби маҳсулотлар нархи арзонлади.

Ўтган ойда янги соғилган сут 1,6 фоизга (йил давомида 6 фоизга), кефир 0,4 фоизга (6,6 фоиз), балиқ 1,6 фоизга (6,8 фоиз) қимматлаган.

Декабрда бодринг нархи 52,7 фоизга, булғор қалампири 46,5 фоизга, бақлажон 27,7 фоизга, помидор 22,4 фоизга, картошка 6,3 фоизга, карам 6 фоизга, пиёз 5,7 фоизга ошган.

Йиллик ҳисобда картошка нархи 39,9 фоизга, сабзиники 18,3 фоизга, пиёзники эса 2,2 фоизга ошди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, лавлаги 4,1 фоизга, сабзи 4,3 фоизга, банан 13,5 фоизга арзонлашган.

Декабрь ойида алкоголли ичимликлар нархи 0,5 фоизга (йил давомида 10 фоизга), тамаки маҳсулотлариники эса 0,5 фоизга (+11,8 фоиз) ошди.

2024 йилда кийим-кечаклар поябзалга қараганда бироз кўпроқ қимматлади — 5,1 фоизга нисбатан 4,8 фоиз.

Декабрь ойида Қашқадарё вилоятида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов миқдори ошгани қайд этилди. Ой давомида бошқа турдаги коммунал хизматлар учун тарифлар барқарор бўлиб турди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг декабрига нисбатан газ тарифлари ўртача 2,3 баробар, электр энергиясиники — қарийб 1,7 баробар, чиқиндиларни йиғишники — 54,7 фоиз, иситиш тизиминики — 36 фоиз, иссиқ сувники — 32,1 фоизга қимматлаган.

Йил давомида дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари нархи 26,2 фоизга, жумладан антибиотикларники 28,5 фоизга, тиббий лаборатория хизматлариники 14,5 фоизга ошди.

Декабрь ойида пропан нархи 10,3 фоизга арзонлади, бироқ йиллик ҳисобда нарх 30,9 фоизга ошди. Бир ой давомида бензин 0,7 фоизга арзонлади, йил давомида эса 5,9 фоизга қимматлади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, пропаннинг бир литр учун нархи 6000−7200 сўм оралиғида ўзгариб турган. Турли савдо нуқталарида бензин нархи Аи-80 маркасининг бир литри учун 6900−8500 сўм оралиғида қайд этилган бўлса, АИ-95 учун 13000 сўмгача етди.

Йил давомида метан нархи 21 фоизга ошди.

Қайд этилишича, йил давомида поездлар учун чипта нархлари ўртача 12,6 фоизга (шаҳар ичидаги поездда йўл ҳақи 40,1 фоизга), такси нархлари 12,2 фоизга, самолёт учун чипта нархлари 1,2 фоизга ошган.

Давлат боғчалари учун тўлов ой давомида 20 фоизга, хусусий боғчаларники 12,3 фоизга, давлат олий ўқув юртларида таълим нархи 15,1 фоизга, хусусий олий ўқув юртларида эса 0,5 фоизга ошган. Репетитор хизматлари 16 фоизга қимматлаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар