Рақобат қўмитаси сўнгги вақтларда кўп квартирали уйлар қурилиши юзасидан мурожаатлар кўпайганини маълум қилди. Қайд этилишича, 2024 йилнинг ўтган даврида 1700 га яқин мурожаат келиб тушган. Кўрилган чоралар натижасида 20 миллиард сўмга яқин маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан республикадаги 129 та қурувчи корхоналарнинг шартномалари таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқланди:
80 фоиз шартномада қурувчи корхоналарга қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқ устуворлиги берилган бўлса, атиги 20 фоизда ҳар иккала тарафларга мазкур ҳуқуқлар белгиланган;
58 фоиз шартномада кўрсатилган умумий майдон қурилиши якуни бўйича майдонлар орасида тафовут мавжуд бўлганда қайта ҳисоб-китоб ҳуқуқи белгиланмаган;
37 фоиз шартномаларда хонадон ичида амалга ошириладиган қурилиш ишлари тўғрисида мажбуриятлар киритилмаган;
18 фоиз шартномаларда қурувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида бандлар киритилмаган;
39 фоиз шартномаларда қурилиш объектининг топшириш муддати кўрсатилмаган;
51 фоиз шартномаларда қурилиш топширилишининг ҳар бир кечиккан куни учун қурувчи томонидан тўланадиган пеня белгиланмаган;
86 фоиз шартномаларда қурувчи ва истеъмолчи томонидан шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланган, (шундан, 41 фоизида шартномани ҳар иккала томоннинг манфаатлари кўзланган бўлса, 59 фоизида фақатгина қурувчи корхонанинг манфаатлари кўзда тутилган) 14 фоизида эса шартномани бекор қилиш тўғрисида банд киритилмаган;
шунингдек, шартнома тузилгандан сўнг, дастлабки тўлов муддати 30 кундан ошмаслиги қайд этилган бўлса, 74 фоиз ҳолатда шартнома бир томонлама бекор бўлганда харидорга тўловни қайтариш муддати 30—180 кун ва айримларида эса 24 ойдан 36 ойгача этиб белгиланган;
84 фоиз шартномаларда хонадонни харидор томонидан қабул қилиб олингандан сўнг, қурувчи томонидан унга кафолат муддати белгиланмаган;
кафолат муддати давомида хонадонда нуқсонлар аниқланса, қурувчи томонидан бартараф этиш мажбурияти 82 фоиз ҳолатда белгиланмаган.
Президентнинг ПҚ-4732-сон қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини жалб қилиш фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ҳамда улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритилган қурувчилар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.
Бунда, электрон рўйхатга киритиш учун қурувчилар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
кўп квартирали уйларни қуриш учун белгиланган тартибда ажратилган ер участкаси ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;
лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси мавжудлиги;
техник ва муаллифлик назорати ҳамда давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар тузилганлиги ва бошқа талаблар мавжудлиги.
Уй-жой сотиб олувчилар учун тавсия
Рақобат қўмитаси уй-жой сотиб олувчиларга қуйидагиларга тавсияларни берди:
шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқинг;
асосий жиҳатлар (қурилиш муддатлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ўзаро мутаносиблиги, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, муддатлар юзасидан жавобгарлик назарда тутилганлигини текширинг);
компаниянинг иш тажрибаси ва қурувчининг ишончлилигига ишонч ҳосил қилинг (электрон рўйхат ва “Шаффоф қурилиш” тизимида мавжудлигини очиқ манбалардан текшириш мумкин);
тўловларни фақат банк кассалари орқали амалга оширинг.